ИНСОННИНГ ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИ ДАХЛСИЗДИР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.
Сўнгги вақтларда, арзимаган келишмовчиликлар оқибатида фуқароларнинг бошқа шахслар соғлигига оғир шикаст етказиш жиноятлари ортиб бормоқда.
Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.
Жумладан, Алишер Ҳамзаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2023 йил 11 декабрь куни Музработ туманидаги ўзининг яшаш уйи ҳовлисида ўзига илгаридан таниш бўлган фуқаро Норбўта Холбоев билан ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолади ва жанжал вақтида яшаш уйида бўлган темир қувур (труба) билан унинг ўнг елка соҳасига бир маротаба қасддан уриб, танасининг ўнг елка суягининг ёпиқ синиши тан жароҳати етказган.
Суд ҳукми билан унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, Алишер Ҳамзаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан шу кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан келтирилган апелляция шикояти жиноят иши билан биргаликда Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси