Ижарадаги уй эгаси бир томонлама уй-жой учун тўлов миқдорини ўзгартириши мумкинми?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
611-моддасига кўра, уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори тарафларнинг ўзаро келишувига биноан уй-жойни ижарага бериш шартномасида белгилаб қўйилади. Башарти қонунга мувофиқ уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдори белгилаб қўйилган бўлса, шартномада белгиланган ҳақ ана шу миқдордан ошиб кетмаслиги лозим.
Уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди, қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Уй-жой учун ҳақ ижарага олувчи томонидан уй-жойни ижарага олиш шартномасида назарда тутилган муддатларда тўлаб турилиши лозим. Агар шартномада бундай муддатлар назарда тутилган бўлмаса, ҳақ ижарага олувчи томонидан ҳар ойда қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаб турилиши шарт.
Мазкур кодексининг 615-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:
-агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун олти ой мобайнида, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;
-ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;
-уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилган бўлса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Ижарага берувчининг ижарага турган шахсни уй-жойдан чиқиб кетиш ёки ортиқча ҳақ тўлашга оид ноқонуний талаблари устидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судларига мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқларни тиклаш мумкин.
Бехруз Авазов
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси