ЗЎРАВОНЛИККА БАРҲАМ БЕРАМИЗ
Дарҳақиқат сўнгги йилларда оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳимоясига оид миллий қонунчилик базаси шакллантирилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4 январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.
Ушбу қонунчилик ва қонуности ҳужжатларида оиладаги зўравонлик, унинг тушунчаси, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва бошқа қоидалар баён этиб ўтилган.
Юқоридаги қонун ҳужжатларидан “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонуни алоҳида аҳамият касб этади.
Чунки, мазкур қонун ҳужжатига асосан, илгари бирор-бир қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилмаган, тартиб-қоидалар, тушунчалар акс эттирилиб, соҳадаги қонун ҳужжатларининг бўшлиқлари тўлдирилди.
Яъни, оиладаги, ёки умуман зўравонликнинг асосий тушунчалари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ҳамда таълим муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда иштирок этиши, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг ҳамкорлиги, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари, ҳимоя ордерининг мазмуни ва моҳияти, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар тўғрисидаги нормалар киритилди.
Шу каби, Қонуннинг 30-модда биринчи қисмига кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.
Шу сабабли ҳам оилада зўравонликка йўл қўйган шахсларнинг ҳам жавобгарлик масалалари қатъийлаштирилди.
Жумладан, Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидаларида, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли, ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари белгиланган.
“Ҳамма одамлар ўз қадар-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак” Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддаси.
МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси