“ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБРЛАНГАНЛАР ҲУҚУҚЛАРИ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА”

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017– 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида“ нотинч оилалар фарзандлари, уюшмаган ёшлар, иш билан банд бўлмаган, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатларини назоратга олишда уларнинг ота-оналари масъулиятини ошириш, кашандалик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқа иллатлар профилактикаси каби долзарб вазифалар назарда тутилган. Бу эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илғор иш усулларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик ташкил этишни тақозо этади. Бугунги кунда ҳудудларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятларнинг содир этилиши сабаблари, шахсда ғайриижтимоий хулқ-атвор ва хусусиятларнинг шаклланишига ҳамда турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига, қонунга ёки қонун ижросига путур етказадиган, унга риоя қилишга тўсқинлик қиладиган омиллар оиладаги муҳит таъсирида юзага келади. Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқишида оиладаги носоғлом ижтимоий-руҳий муҳит муҳим рол ўйнайди. Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва салбий иллатларнинг томири оилада шаклланади. Оила шахсни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, маънавий ва ахлоқий тарбиялаш,шахслар билан бўладиган ижтимоий муносабатлар жараёнида ўзини тутиш каби инсоний хусусиятларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда шахс ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятларнинг 40 фоизи, ҳар тўртта қотилликнинг биттаси, қасддан баданга шикаст етказишларнинг ҳар бештадан биттаси, ҳақорат қилиш ва туҳматнинг саккизтадан биттаси айнан оила-турмуш соҳасида содир этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг: “Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда” деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб туриб.

Ички ишлар органлари ходимлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда биринчи бўғинлардан бири бўлиб, ходимларнинг малакаси ва зўравонлик содир этилган ҳолларда амалга оширилган дастлабки ҳаракатлари катта аҳамиятга эгадир.

Дунёдаги барча давлатларнинг миллий қонунчилигида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, хусусан шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилган.Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида “инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги“3 эътироф этилган. Зўравонликдан эркаклар ҳам жабрланиши мумкин, лекин хотин-қизларнингзўравонликдан жабрланиш эҳтимоли юқорилиги, зўравонлик турлари, оғирлик даражаси ва келиб чиқадиган оқибатлар кескин фарқланишини инобатга олган ҳолда, сўнгги ислоҳотлар айнан уларни ҳимоя қилишга қаратилган. Мазкур муаммо (латентлиги)нинг юқорилиги шундаки, жабрланувчилар ўзларига етказилган зарарни нормал ҳаёт деб тушуниши, оиласининг сири овоза бўлиб кетмаслиги ёки оила бузилиб кетмаслиги, ота-онаси ёхуд турмуш ўртоғининг обрўсини тўкмаслик учун ҳеч қаерга мурожаат қилмайдилар. Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий тури белгиланган. Руҳий зўравонликдан зулм ўтказаётганшахс анонимлиги, Интернет орқали ёқимсиз хабарлар туну кун кенг оммага тарқалиши билан фарқланиб, жабрланувчига ғоят катта азоб-уқубат келтириши билан кескин фарқланади. Интернет тармоғидан фойдаланиб, иш ёки ўқиш жойи, оилада турли хил ҳақоратлар, туҳмат, таъна, миш-мишлар, уйдирма хабарлар тарқатишда ифодаланади. Шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали инсонинг руҳиятига қаттиқ таъсир этувчи, уни изтиробга солувчи бешафқат муносабат ва зўравонлик саҳналарини намойиш этишни ҳам шахсга бўлган зўравонлик, деб эътироф этишимиз мумкин. Оилада содир этиладиган зўравонлик иш жойидаги ва таълим муассасаларида содир этилган қилмишлардан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради: Зўравон шахс жабрланувчини тўлиқ назорат эта олади, жабрланувчи зўравондан қочиши ва хавфсиз қолишининг имкони йўқ; Зўравонлик бир шахснинг бошқа шахсга нисбатан устунлик қилиш ва уни назорат қилиш мақсадида содир этилади; Деярли барча оила аъзолари зўравонликдан жабр чекадилар; Зўравон шахс ва жабрланувчи ўртасида эмоционал боғлиқлик мавжуд. Жабрланувчи зўравонга нисбатан кучли эмоционал қарамликни ҳис этиши ва учинчи шахс ёрдам бермоқчи бўлганида зўравоннинг ёнини олиши мумкин. Жабрланувчининг бундай хулқ-атвори психологияда «Стокгольм синдроми» номи билан машҳур; Жамият аъзолари оила ишига аралашишни хоҳламайдилар ва жабрланувчиларнинг ўзлари ҳам оиладаги вазият ҳақида сукут сақлашни афзал биладилар; Оилада содир этилган зўравонлик даврий характерга эгадир. Доктор Ленор Уолкер назариясига кўра, оилавий зўравонлик тўрт босқичдан иборат бўлган ва такрорланиши ортиб борадиган ҳаракатлар циклидан иборат.

Муротали Абдимўминов

Жиноят ишлари бўйичаБандихон туман суди раиси