Замонавий қул савдоси: Тарих ва бугун.

Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва жирканчи одам савдоси афсуски фан-техника тараққиёти даври бўлмиш ХХ-ХХ1 асрда авж олди. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган  жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб берди.

Эндиликда интернет  сайтлари ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган турли хил “юқори даромадли” ишга чақирувчи эълонлар “анъанавий” куча-куйда танишиб, “ишга ёллаш” жараёнининг ўрнини эгаллади.

Инсоният ўз тараққиёт жараёнида қулдорлик тузумини енгиб, бир нечта тараққиёт босқичларидан ўтгач, янги кўринишдаги “қулдорликка” қайтишига нима сабаб бўлмоқда? Унинг иллатлари қаерда яширинган?

Одам савдосига қарши курашиш тарихига назар ташлар эканмиз, “тирик товар” савдоси ҳақида  қадимги Миср ва Месопотамиянинг ёзма манбаларида келтирилган қайдларни кўриш мумкин. Айнан ўша даврда қулчилик давлат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшган йўналишлардан бири  бўлган. Африкадан олиб келинаётган арзон қора танли қуллар Миср, Финикия, Юнонистон, Рим, кейинчалик Туркия, Эрон, Арабистонга етказиб берилар эди.  Ғарбий Европада  қул жаллоблари асосан скандинавиялик викинглар ва италиялик савдогарлар, португаллар бўлиб, қулларни Европа мамлакатлари ва Бразилияга етказиб беришган. Қулдорларнинг бу қабиҳ   фаолияти XIX асрга келибгина барҳам топди. Биргина Саудия Арабистонида қулчилик ХХ асрнинг 80-йилларигача давом этди. XYII асрга қадар қул савдоси давлат ихтиёрида бўлган бўлса, 1698 йили инглиз Парламенти  жисмоний шахсларга ҳам қулчилик билан шуғулланишга рухсат беради. 1452 йилда Рим папаси Николай V  ўзининг “Romanus Pontifex”  булласи билан  португалияликлар томонидан Африка ҳуддуларига босқинчиликка фатво беради.1510 году   йили эса мазкур босқинчилик ҳаракати оқибатида 250 нафар қора танли қул Эспаньола тилла конига келтирилади. Бир йил ичида Гондурас ва Гватемалага 1526, Колумбияга 1533 нафар қуллар келтирилган. Тарихда “Олтин учбурчак бўйлаб савдо” номини олган мазкур савдо йўналиши қулларни Африкадан олиб чиқиш, уларни Жанубий Америкада сотиш, пулига эса шакар, спиртли ичимликлар ва бошқа маҳсулотларни  ўзга юртларга икки-уч баробар қимматга пуллаш имконини берган. Оқ танли қуллар, яъни шотландиялик ва ирландияликлар билан савдони  инглизлар 1620 йилда бошлаб беришди. Қулларнинг аксарияти кемалардаги чидаб бўлмас шароит, очлик, сувсизлик ва касалликлар оқибатида охирги манзилга етиб келмай, ҳалок бўлишар эди. Қулчилик даврида  Шимолий ва Жанубий Америкага жами Африкадан
12,5 млн. нафар қул олиб келинган.

XVIII асрга келиб Буюк Британиядаги қул савдосига қарши кураш ҳаракати бошланади. Қул савдосига қарши кураш тўғрисидаги биринчи билль  Уильямом Уилберфорс (1759—1833) томонидан ишлаб чиқилиб, 1791 йили Парламентда кўпчилик томондан маъқулланди.  1798  йили биринчи қулларга қарши “Африка ассоциацияси” тузилди. Унинг талаби билан Буюк Британия Парламенти қуллар аҳволини ўрганиш учун комиссия тузди.Натижада қуллар ҳаётини енгиллаштирувчи биринчи акт қабул қилинди.  Фақат 1848 йилдагина қуллар исёни натижасида Францияга мустамлака мамлакатлардаги қуллар озод қилинди. АҚШда қуллар 1865 йилда озодликка чиқишди. 1807 йил
25 мартда “Одам савдосини тақиқлаш тўғрисида акт” қабул қилинди. Халқаро миқёсда  қул савдоси Венада (1815) ва Верона (1822—1823) конгрессларида қораланди.  1890 йилдаги Брюссель конференцияси одам савдосига қарши кураш борасидаги халқаро тизимни ишлаб чиқди.

ХХ асрда рўй берган инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушлар оқибатида  аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш бошланди. Одам савдосига барҳам бериш мақсадида  1902 ва 1910 йилларда Парижда (Франция) иккита конференция ўтказилиб, “Оқ қуллар савдосига қарши кураш” номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинади. Кейинроқ конвенция “Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш” ва “Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш” номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. 1948 йилда “Инсон ҳуқуқлари” умумжаҳон Декларацияси қабул қилинди. Шундан сўнг “Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси”, “Қуллик хусусида”ги Конвенция, “Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида”ги қўшимча Конвенция, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, “Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган одам савдоси замонавий кўринишда кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча ўн миллионни ташкил этади. БМТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 700 мингдан зиёд шахс одам савдоси билан шуғулланувчилардан азият чекишади.  Интернет, хусусан ижтимоий тармоқларнинг ривожи замонавий қулликни келтириб чиқарди, бунга асосан ноқонуний йўл билан иш излаб ўзга юртга кетишлар мазкур жараённи янада кучайтирди. Минглаб инсонлар ХХ1 асрда ҳам одам савдоси қурбонлрига айланишмоқда. Шу сабабли  ЮНЕСКО 23 августни Халқаро одам садоси қурбонлари хотираси куни, деб эълон қилди.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб,  2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан
1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил
15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди. Айниқса Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелида қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди.  Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келинаяпти.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги  “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида” ги 240 — сонли қарорининг иккинчи бандига асосан одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгиланди.

2001 йилдан буён республикамизда  фаолият кўрсатаётган “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази мамлакатимизда мазкур трансмиллий жиноятга қарши курашишда етакчи ташкилотлардан биридир.

Муқаддас китобларда нафс йўриғига юриш залолатга элтувчи фитна экани айтилади. Афсуски турли хил сабаблар, иқтисодий етишмовчилик туфайли  оиласини, фарзандларини ташлаб  йўлга отланувчиларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Агар Сиз чет элда ишлаш ёки ўқиш ниятида бўлсангиз:

—Сизга ўқиш ёки иш таклиф этаётган фирма ёки ташкилот билан шартномани белгиланган давлатга боришдан олдин, ўз давлатингизда имзоланг;

Сизга чет элда ўқиш ёки ишлаш бўйича хизматларини таклиф қилган фирма ёки агентликни қонуний ишлашига ишонч ҳосил қилиш учун тегишли лицензия ва сертификатда улар томондан кўрсатиладиган хизмат турларига аҳамият беринг. Лицензия ёки сертификатнинг асл нусхаси кўринарли жойга жойлаштирилган ва бир нусхада бўлиши зарур;

шартномани имзолашга шошилманг, мутахассислар билан маслаҳатлашинг, ҳар бир банди билан мукаммал танишиб чиқинг;

агар шартнома шартлари Сизни қониқтирмаса, имзолашни рад этинг. Ўз шартларингизни киритилишини ва ўзгартиришни таклиф қилинг;

шартнома фирма ёки агентлик директори томонидан имзоланганлигига аҳамият беринг. Агар шартнома ижрочи ходимлар, масалан директор ўринбосари ёки бошқа ходимлар томонидан имзоланган бўлса, имзо қўйиш ҳуқуқини берувчи қарор ёки ишончномани (нотариал тасдиқланган) кўрсатишларини сўранг;

сиз имзо қўйган шартнома ва бошқа ҳужжатларингиз нусхасини яқинларингизда қолдиришингиз зарурлигини ёдингизда тутинг;

чет давлатларда фақатгина меҳнат визаси ишлаш ҳуқуқини беради, сайёҳлик визаси билан белгиланган давлатга бориб ноқонуний ишлашга розилик берманг;

ўзингиз билан паспорт, билет ва бошқа ҳужжатларнинг нусхасини олинг ва асл ҳужжатлардан алоҳида жойга яшириб қўйинг. Яқинларингизда чет элдаги иш ва яшаш жойингиз, иш берувчи, корхона ёки ташкилот раҳбари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қолдиринг;

Шунингдек, бирор хавфга тўқнаш келсангиз бу ҳақида яқинларинингиз хабар бера олишингиз учун бирор оддий ва содда сўзни келишиб олинг (фавқулодда вазиятларга тўқнаш келсангиз, масалан ўғирлик, мажбуран ушлаб туриш ва бошқалар), бу телефон орқали гаплашаётганингизда кимдир назорат қилиб турган бўлса ёрдам беради;

эътиборингизни қаратинг Сизга ваъда қилинаётган ойлик маош бажаришингиз керак бўлган ишга мос келадими, ҳаддан зиёд кўп тўлашни ваъда қилишмаяптими;

йўл ҳаражатлари, яшаш, озиқ-овқат ва бошқа ҳаражатлар учун ўша жойда ёки кейинчалик ойлик маошингиздан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги таклифга розилик берманг;

қуйидаги эълонларга диққат қилинг ва улардан эҳтиёт бўлинг: “Официантка, раққоса ва бошқа ишларга қабул қиламиз. Тажриба ва малака талаб қилинмайди. Йўл ҳаражатлари, яшаш ва кундалик ҳаражатлар иш берувчи томонидан қопланади”; “Катта маош тўланадиган ишларга қабул қиламиз”. Бу каби эълонларда телефон рақамидан бошқа маълумот бўлмайди, иш таклиф қилувчи фирма ёки агентлик тўғрисидаги маълумот кўрсатилмайди.

 

Музаффар Ҳакимов

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси