ЖИНОЯТ ҲУҚУҚИДА МАЪМУРИЙ ПРЕЮДИЦИЯНИНГ АҲАМИЯТИ ВА ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Маълумки, Ўзбекистон  Республикасининг   жиноят  кодексининг айрим моддаларида назарда тутилган қилмишни содир этганлик учун жавобгарлик шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлсагина келиб чиқади.        

Масалан, Ўзбекистон Республикаси жиноят  кодексининг 122-моддаси (вояга  етмаган  ёки  меҳнатга  лаёқатсиз  шахсларни  моддий  таъминлашдан  бўйин товлаш), 123-моддаси (ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 1251-модда (никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш),
1261-модда (оилавий (маиший) зўравонлик), 127-моддаси 1-қисми (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 139-моддаси 1-қисми (туҳмат), 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш), 177-моддаси 1-қисми (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш), 2611-моддаси (транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаш), ва 2612-моддаси (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқариши)ларда шахсни мазкур модда билан жавобгарликка тортишнинг зарурий шарти сифатида унга нисбатан шундай ҳаракатлар учун муқаддам маъмурий жазо қўлланилган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. 

Демак, айрим ҳолларда қилмишни квалификация  қилишда  маъмурий  преюдицияни  қўллаш  зарурати  мавжудлиги сабабли биз авваламбор маъмурий преюдиция нима деган саволга жавоб беришимиз лозим бўлади.

Маъмурий преюдиция деганда, қилмишни жиноят деб топиш учун уни содир этган шахсга илгари ҳам шундай қилмиши учун маъмурий жазо қўлланилган бўлиши ва мазкур шарт жиноят  кодексининг тегишли моддасида белгилаб қўйилиши тушунилади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий  жавобгарлик  тўғрисидаги  кодексининг 37-моддасига  кўра, маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида  янги  маъмурий  ҳуқуқбузарлик  содир  этмаган  бўлса,  мазкур  шахс маъмурий  жазога  тортилмаган  ҳисобланади. Демак, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ башарти маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил  мобайнида  янги  маъмурий  ҳуқуқбузарлик  содир  этмаган  бўлса,  мазкур  шахс маъмурий  жазога  тортилмаган  деб  ҳисобланади ва ўз навбатида ушбу шахс жиноят  кодексининг маъмурий преюдицияга эга бўлган моддаси билан жавобгарликка тортилмайди.   

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий  жавобгарлик  тўғрисидаги  кодексининг 37-моддаси мазмунига кўра, шахсга  нисбатан  маъмурий  жазо чораси қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб, у маъмурий жазога тортилган деб эътироф этилади ҳамда жазо  чорасини  ўтай  бошлаган кундан бошлаб бир йил давомида у жазоланган ҳолатда бўлади. Бу муддат маъмурий жазо  чорасини  ўташ  муддатининг  тугаши  ҳисобланади.  Шахс  янги  маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган тақдирда кучини йўқотиш муддати янги ҳуқуқбузарлик учун жазо чорасини ўташ муддати тугаган кундан бошланади. Маъмурий жазони ўтаб бўлишнинг бир йиллик муддати, уларнинг турларидан қатъи назар, барча маъмурий жазо чоралари учун белгиланган. Маъмурий жазони ўтаб бўлиш учун бир йиллик муддатнинг бошланиш нуқтаси тайинланган жазо чорасини ўташ тамом бўлган кун ҳисобланади. Башарти айбдор шахс асосий ва қўшимча жазо чораларига тортилган бўлса,  у  ҳолда  бир  йиллик  муддат  вақт  жиҳатидан  охирги  ўтилган  жазони  ўташ муддати тамом бўлган кундан эътиборан ҳисобланади. Маъмурий қамоққа олиш ёки махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш қўлланилганда, жазо чорасини ўтаб бўлишнинг тугаш муддати ҳақиқатда маъмурий қамоқ муддатининг тугаши ёки фуқаро махсус ҳуқуқдан маҳрум  этилган  муддатнинг  ўтиб  бўлиши  билан  мос  келади. 

Қайд этиш  керакки,  жиноят  ҳуқуқи  назариясига  кўра  шахсни жиноий жавобгарликка тортишда қилмишнинг маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлиши мазкур жиноят таркиби объектив томонининг зарурий белгиси  саналади.

Ушбу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий  жавобгарлик  тўғрисидаги  кодексининг 21-моддасига асосан жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантириш билан кифояланган ёхуд шу кодекснинг 212-моддасига асосан ярашилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод этилган бўлса у маъмурий жазога тортилмаган ҳисобланади.

Айрим  олимлар  жиноят  қонуни  баъзи  нормаларида маъмурий преюдицияни акс эттириш инсонпарварлик ва одиллик принципларига тўла жавоб бермаслигини, маъмурий ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этиш жиноятнинг  сифат  кўрсаткичини  ҳам  ижтимоий  хавфлилик  даражасини  ҳам оширмаслигини, шахс содир этган қилмиши учун жавобгарликка тортилгандан сўнг жавобгарликнинг оқибатлари ҳам тугатилиши лозимлигини ҳамда  маъмурий преюдицияни жиноят қонунчилигидан чиқаришни ёқласа, айрим олимлар жиноят  ва  жиноят-протсессуал  қонунчиликни  такомиллаштиришнинг  бугунги шароитида ижтимоий  хавфлилик  даражасига  кўра  маъмурий ҳуқуқбузарлик  ва  жиноят  ўртасида  турадиган  ножўя  жиноий  хатти-ҳаракат  учун  жиноят  қонунчилиги  доирасида  жавобгарлик белгиланишини таклиф этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, маъмурий преюдиция – жиноят ҳуқуқи назариясида қилмиш учун жавобгарлик белгилашда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Ушбу институтни қўллаш, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликнинг такрорланишини олдини олиш ҳамда шахсга нисбатан адолатли ва индивидуал ёндашув асосида жазо тайинлашда катта аҳамият касб этади.

НИГОРА ХАСАНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси