ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ШАХСНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИШ АСОСЛАРИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Жиноят процессидаги реабилитация институти ҳақида сўз юритишдан аввал “реабилитация” сўзининг маъноси ва ушбу тушунча қайси соҳаларда қўлланилиши ҳақида хабардор бўлиш мақсадга мувофиқдир.

“Реабилитация” сўзи лотинча “rehabilitatio” сўзидан олинган бўлиб, “тиклаш” деган маънони англатади. Реабилитация тушунчаси юридик соҳадан ташқари, тиббиёт ва ижтимоий соҳадан ҳам қўлланилади.  

Хусусан, тиббий реабилитация деганда – организмнинг бузилган фаолиятини, беморлар ва ногиронларнинг меҳнат қобилиятини тиклашга қаратилган тиббий, педагогик, психологик чора-табирлар мажмуи тушунилади.

Ижтимоий реабилитация деганда эса – ногиронлик, миграция, одам савдоси, ишсизлик ва бошқа шу каби муаммолар оқибатида шахс ёки шахслар гуруҳининг йўқолган ёки чекланган ижтимоий ҳуқуқларини тиклашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.

Тарихдан маълумки, шўролар давридаги қатағон қурбонлари шунингдек, ўз ватанларидан мамлакатнинг олис жойларига мажбурий равишда кўчирилган айрим халқлар ҳам реабилитация этилган.

Реабилитация ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаровий жамият қуришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Жиноят процессида шахсни реабилитация этиш деганда ‑ жиноят содир этишда асоссиз гумон қилинган ёхуд айбланган шахснинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр қимматининг тикланиши тушунилади.

Маълумки, жиноят процессида шахс тўла ёки қисман реабилитация этилиши мумкин. Шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг (кейинги ўринларда ЖПК) 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра айбсиз деб топилиб, жиноий жавобгарликдан батамом озод қилинган ҳолларда у тўла реабилитация этилган ҳисобланади.

ЖПКнинг 83-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи қуйидаги ҳолларда айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим:

1) иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;

2) унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;

3) унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса.

Шунингдек, ЖПКнинг 303-моддасига кўра, шахсни қисман реабилитация этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) шахснинг қамоқда ёки уй қамоғида сақлаб турилганига қараганда камроқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ёки озодликни чеклашга ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганлиги;

2) ҳукмдан айбловнинг қисман чиқариб ташланганлиги ва бунинг натижасида қонунга кўра қамоқда ёки уй қамоғида сақлаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш мумкин эмаслиги;

3) озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш муддатининг юқори суд томонидан ҳақиқатда ўталган муддатга қараганда камайтирилганлиги ёхуд бошқа енгилроқ жазо тури билан алмаштирилганлиги;

4) жиноий жазо тайинламай ҳукм чиқарилган ҳолларда ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғининг, тиббий муассасага жойлаштиришнинг асоссизлиги.

Шахс тўла реабилитация этилган ҳолларда, унда мулкий, маънавий зиённи тўлиқ қоплашни ва бошқа ҳуқуқларини тўлиқ тиклашни талаб қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Қисман реабилитация этиш эса айбланувчига ёки маҳкумга етказилган мулкий зиённинг асоссиз қисми қопланишига ва маънавий зиён оқибатларининг асоссиз қисми бартараф қилинишига сабаб бўлади.

Реабилитация этилган шахсга қуйидаги мулкий зиёнлар қопланиши лозим бўлади:

1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;

2) пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;

3) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;

4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;

5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;

6) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар.

Реабилитация этилган шахс вафот этган тақдирда юқорида кўрсатиб ўтилган мулкий зиёнларни (пенсия ва нафақалардан ташқари) ундириш ҳуқуқига унинг меросхўрлари, пенсия ва нафақаларни ундириш ҳуқуқига эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўлган шахслар жумласига кирувчи оила аъзолари эга бўладилар.

Юқорида кўрсатиб ўтилган мулкий зиёнлар (пенсия ва нафақалардан ташқари) молия органлари томонидан, пенсия ва нафақалар эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари,  реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатлари бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим. Корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда, унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши лозим.

Шу билан бирга, реабилитация этилган шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.

Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, ушлаб турилгани ёки тиббий муассасага жойлаштирилгани туфайли ўқув юртидан ҳайдалган шахс илтимосига кўра ўқишга тикланиши шарт.

Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилгани туфайли уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахсга илгари у эгаллаб турган уй-жой қайтарилади, башарти уни қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, ўша аҳоли пунктининг ўзида аввалгисига тенг қулайликларга эга бўлган уй-жой берилади.

Қонунга хилоф равишда ҳукм қилинганлиги ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинганлиги муносабати билан паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган шахсга янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) бериш йўли билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади.

Шунингдек, шахс ушлаб турилганлиги, қамалганлиги ёки уй қамоғида турганлиги, лавозимидан четлаштирилганлиги, тиббий муассасага жойлаштирилганлиги ёки ҳукм қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинган, радио, телевидение ёки бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган бўлса, реабилитация этилган шахснинг, у вафот этган бўлса, қариндошларининг, суд, прокурор, терговчининг ва суриштирувчининг талабига кўра тегишли оммавий ахборот воситалари унинг реабилитация этилганлиги тўғрисида бир ой ичида хабар беришлари шарт.

Мулкий зиён тўланишини манфаатдор шахслар терговчи, прокурор ёки суддан 2 йил мобайнида, бошқа ҳуқуқларни тиклашни 1 йил мобайнида талаб қилишлари мумкин. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган ёки ҳукм қилинган шахснинг реабилитация этилиши нафақат ўша шахс, унинг оиласи ва яқин қариндошлари учун ҳам, балки бутун жамиятимиз учун ҳам адолат тантанаси бўлиб ҳисобланади.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси