ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ
Ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш жинояти ҳолатлари учраётганлигига сўнги вақтларда тез-тез гувоҳ бўлаяпмиз.
Бундай ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
167-моддасида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти сифатида баҳоланади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида таъкидланганидек, мулк дахлсизлиги ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши, унга қаратилган ҳар қандай тажовуз қонунга хилоф, деб ҳисобланади.
Талон торож қилишнинг объекти ўзгалар мулки ҳисобланади.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш деганда, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш тушунилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш тушунчасига қуйидагича таъриф бериб ўтган, мансаб вазифалари ёхуд шартномавий муносабатларга кўра, тасарруф қилиш, бошқариш, етказиб бериш ёки сақлаш бўйича қонуний ваколатларни амалга оширувчи шахсга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда текинга ўзининг мулкига ёки бошқа шахснинг мулкига айлантириши ўзлаштириш ёки растрата қилиш дейилади. Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 167-моддасида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.
Хусусан, К.Ю Сурхондарё вилоятида Санитария-эпедимиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларидан бирининг бош ҳисобчиси вазифасида ишлаган. У мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзига ишониб топширилган бюджетнинг 57.763.852 сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, давлат манфаатларига анча миқдорда зарар етказган.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг ҳукмига кўра, К.Ю Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг “г” ва 209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, жарима ҳамда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳалқимизда нима эксанг, шуни ўрасан, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деган мақоллар бежиз тарих зарҳарифларила ёзилмаган. Бундан шуни англаш мумкинки, ҳар қандай ёвуз ишни халқ нигоҳидан яшириб бўлмайди. Эртами кечми, нафақат қилган нотўғри ишимизнинг жавобини ҳатто ҳар бир қадамимиз, ҳар битта янглиш гап сўзимизнинг ҳам жавобини иллоки берамиз.
Б.Валиев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судья ёрдамчиси