ЖАМОАСИ ШАРТНОМАСИ ВА ЖАМОА КЕЛИШУВЛАРИНИНГ ФАРҚИ НИМАДА?
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра, жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра эса, жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Жамоа шартномаси субъектларига кўра бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан – бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади . Яъни фақат бипартизм шаклида яъни икки тарафлама тузилади.
Жамоа келишувлари эса музокараларда иштирок этаётган тарафларнинг келишувига мувофиқ икки тарафлама ва уч тарафлама бўлиши мумкин. Келишувни тузиш вақтида учинчи тараф сифатида ижро этувчи ҳокимият органи иштирок этиши мумкин. Яъни икки тарафлама ёки 3 тарафлама (трипартизм) бўлиши мумкин.
Жамоа шартномаси амал қилиш доирасига кўра иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Яъни жамоа шартномаси фақатгина у қабул қилинган корхона ҳудудидагина амал қилади.
Тартибга солинадиган муносабатлар соҳаси, ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларнинг хусусиятларига қараб бош, тармоқ ва ҳудудий (минтақавий) жамоа келишувлари тузилиши мумкин. Демак, жамоа келишувининг амал қилиш доираси кенг ҳисобланади. У турига қараб бутун Республика ҳудуди бўйича (Бош келишув), муайян тақмоқ ходимлари учун (Тармоқ келишуви) ва маълум бир ҳудуд (вилоят, туман) бўйлаб (Ҳудудий (минтақавий) келишувлар) амал қилади.
Бу икки тушунча мазмунига кўра бир-бирига жуда ўхшаш бўлсада, жамоа шартномалари мазмунига кўра жамоа келишувларидан кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.
Чунки корхона ўзининг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, жамоа шартномасида жамоа келишувида назарда тутилган кафолатларданда зиёдроқ кафолатларни белгилаши мумкин (бироқ камайтириши мумкин эмас).
БЕХРУЗ АВАЗОВ
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси