ЖАМИЯТДА ҲУҚУҚИЙ ОНГ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШ

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда Қонун устиворлигини таъминлаш, шунингдек қонунийликни мустахкамлаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Одил судловни таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;

иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;

учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш; тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар.

Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар юридик соҳа ходимлари олдига ҳам улкан вазифаларни кўндаланг қилиб қўя бошлади. Касб малакаларини ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Биринчи навбатда улардан тўғрилик ва одиллик, сўнг билим ва тажриба сўралади. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири, уни барпо этишнинг мажбурий шарти – юристлар, аҳоли, мансабдор шахслар ҳуқуқий маданиятининг юксак бўлишидир. Юристларнинг ҳуқуқий тайёргарлиги, шубҳасиз, қонунга итоаткор фуқароларникидан юқори бўлиши, ўз кўлами ва чуқурлигига кўра фарқланиб туриши, билимлар, ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг тартиблилик хусусияти, ҳуқуқий кўрсатмаларни қўллай олиш маҳорати билан ажралиб туриши керак. Бу Ўзбекистон Конституцияси, умуман конституциявий қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига ҳам тааллуқли. Юристлар учун қонунга, Конституцияга ижобий муносабатда бўлиш – ишга касбий муносабатда бўлишнинг асосидир.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ташланган катта қадамлардан бири, бу – ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди. Бу бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди.

Мамлакатимизда нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс. Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир.

Жамшид Хомидов

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари