ЖАМИЯТДА МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ РОЛИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Фуқаролар ва тадбиркорлар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишга ҳақли бўлиб, улар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқлари асосий қомусимиз ҳисобланган Конституция ҳамда бошқа қонунлар билан кафолатланади.

Бироқ, амалиётда ҳар доим ҳам фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини маъмурий судлар орқали ҳимоя қилишда ўз талабларини исботлаб бериш имкониятга эга эмаслиги кўзга ташланмоқда.

Амалдаги процессуал қонун талабларига кўра суд процессида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилган.

Ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилаётган фуқаролар ва тадбиркорларнинг иш ҳолатларини исботлашга доир имкониятлари билан давлат органлари мансабдор шахсларининг имкониятларини тенг деб бўлмайди, бунда фуқаролар ва тадбиркорларнинг иш ҳолатларини исботлашга доир имкониятлари давлат органлари мансабдор шахсларининг имкониятларига қараганда бирмунча чекланган.

Шунингдек, амалиётда оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича қабул қилинган суд қарорлари ижро қилиш учун давлат органларига хат орқали юборилади, мажбурий ижро варақалари берилмайди.

Бу эса шу вақтга қадар баъзи ҳолларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳақидаги суд қарорларининг ижроси давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан ихтиёрий равишда таъминламаслигига сабаб бўлаётган эди.

Бунинг натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг фойдасига чиқарилган суд қарорлари давлат органлари ёки мансабдор шахслари томонидан ижро этилмасдан қолиш ҳолатлари кузатилаётганди.

Мамлакатимизда судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳатларнинг давоми сифатида жорий йилнинг 29 январида Президентнинг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтиришга, маъмурий судларни фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришда дастурул амал бўлиб хизмат қилади.

Жамиятда фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий судларга бўлган ишончни ошириш учун уларнинг давлат органлари билан бўладиган муносабатларида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя этилишини таъминлаш зарур.

Бунинг учун маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлар доирасида такомиллаштириш ҳамда давлат органлари томонидан суд қарорларининг ижро этилиши устидан суд назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади.

Шу сабабли Президент қарори билан фуқаролар ва тадбиркорларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси этиб белгиланди.

Эндиликда маъмурий суд ишларини юритишда «суднинг фаол иштироки» тамойили жорий этилади, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юкланади.

Ҳуқуқи бузилган суд процесси иштирокчиси ҳисобланган фуқаролар ёки тадбиркорлар эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида ҳаракат қиладилар.

Шунингдек, ҳуқуқи бузилган фуқаролар ёки тадбиркорларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга боғлиқ бўлган зарарларни ундириш ҳақидаги талабларини кўриб чиқиш ваколати маъмурий судларга берилади.

Маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорлари давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан суд жарималари қўлланилади.

Бунда маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорларини қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда қарор қабул қилган судга хабар бериш тартибига амал қилмаган давлат органлари ёки ташкилотлари мансабдор шахсларига суд ҳужжатини ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасига тортилади.

Давлат органлари ёки ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан суд ҳужжати такроран ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдори қўлланилади.

Шунингдек, маъмурий судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича судлар учун мажбурий ҳисобланиши назарда тутилмоқда.

Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши маъмурий судларнинг жамиятдаги ролини кучайтиради, давлат органларининг мансабдор шахсларини ўз фаолиятини қонун асосида юритишга мажбур қилиш билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоя этилишига олиб келади.

Натижада жамиятимизда аҳолининг судларга бўлган ишончи янада ортади.

Раҳматилла Ғуломов

Сурхондарё вилоят маъмурий судининг раиси