ЕР УЧАСТКАСИНИ ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАБ ОЛГАН ШАХСГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ
Ер-ризқ рўз манбаидир. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.
Энди эса бир жиноят тавсилотига тўхталсак.
Жумладан, Равшан Эрназаров (исм-фамилия ўзгартирилган) Бандихон тумани худудида жойлашган, ижара шартномаси асосида рахбарлик қилиб келаётган «А.А» боғдорчилик фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги харитасининг суғориладиган экин ер майдонининг 0,01 гектар ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ушбу 0,01 гектар ер майдонига 2023 йилда нотурар жой молхона биносини қуриб, қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда қишлоқ хўжалигига 9.915.811 (тўққиз миллион тўққиз юз минг ўн беш минг саккиз юз ўн бир) сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланган.
Равшан Эрназаров ўзининг бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2291-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этган.
Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 августдаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони талабларига риоя қилинмаган.
Судда судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган суддаги кўрсатуви, дастлабки тушунтириш хатлар, унинг терговдаги ва суддаги кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.
Шу каби, суд томонидан Равшан Эрназаровга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиб, унга нисбатан тегишли жазо турини тайинлади.
Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан эгалланган ер бир қатор салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.
МУРОТАЛИ АБДИМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди раиси