ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ ВА СУД ТЕРГОВИНИНГ ТЎЛИҚ ЭМАСЛИГИ ЁКИ БИР ЁҚЛАМА ОЛИБ БОРИЛГАНЛИГИ ҲУКМНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ЎЗГАРТИРИШ АСОСИ СИФАТИДА
Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари жиноят процессининг деярли барча босқичлари фаолиятини ўзида қамраб олади. Жиноят процессининг жиноят ишини қўзғатиш босқичидан кейинги дастлабки тергов босқичига жуда катта вазифалар юкланган. Жиноят ишлари бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларни тўла, ҳар томонлама, холисона исботланиши шулар жумласидандир. ЖПКнинг
82-моддасида жиноят ишлари бўйича исботлаш мезони қайд қилинган бўлиб, унга кўра, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун қуйидагилар исботланган бўлиши керак:
1)жиноят объекти; жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, жабрланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатлар;
2)содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, шунингдек Жиноят кодексида кўрсатиб ўтилган бошқа ҳолатлари; қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш;
3) жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги;
4) жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари;
Судлар томонидан қўшимча процессуал ҳаракатларини ўтказиш учун ажрим чиқарилишига ва терговга қайтарилишига дастлабки терговда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчиковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилмаганлиги, яъни дастлабки тергов ҳаракатлари тўлиқ
ўтказилмаганлиги, айбдорларнинг жиноий ҳаракатлари нотўғри
тавсифланганлиги, ЖПКнинг талаблари жиддий бузилганлиги, айбланувчиларга илгари қўйилган айблов билан боғлиқ бошқа айбловни қўллаш лозимлиги, барча шахсларнинг жавобгарликка тортилмай қолганликлари, алоҳида қисмга нотўғри ажратилганлиги, ҳимоя ҳуқуқининг бузилишига йўл қўйилиши ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49719-модда. Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари белгиланган. Булар:
1)суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги;
2) суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;
3) ушбу Кодекс нормаларининг жиддий равишда бузилганлиги;
4) Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги;
5) жазонинг адолатсизлиги.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49720-моддасига мувоффиқ суд тергови қуйидаги ҳолларда тўлиқ эмас ва бир ёқлама деб топилади, башарти иш бўйича:
1)ушбу Кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса;
2) кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса;
3) ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса;
4) иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган бўлса;
5) натижалари иш учун аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса;
6) ишни янгитдан апелляция тартибида кўриш учун юборган кассация инстанцияси судининг ажримида кўрсатилган ҳолатлар текширилмаган бўлса. Фикримизча, дастлабки тергов ёки суд терговининг тўлиқ
бўлмаганлиги деганда, ЖПКнинг 49719, 49720-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар тушунилади, яъни ушбу Кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса; кўрсатувлари ишни ҳал қилиш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган шахслар сўроқ қилинмаган бўлса; ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаган бўлса; иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ёки ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган бўлса ва ҳоказо.
Ж.Примов
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси