ДАВЛАТ БОЖИ БЕЛГИЛАНГАН МИҚДОРДА ТЎЛАНИШИ ЛОЗИМ
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига кўра, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
Ушбу қонунда давлат божи иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун ундирилиши белгиланган.
Давлат божи ставкаларининг миқдорлари ушбу Қонун иловаси – “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”га асосан белгиланган.
Давлат божи миқдорлари Қонун билан аниқ белгиланиб қўйилган бўлса-да, айрим иқтисодий судлар фаолиятида Қонун талабларига тўлиқ амал қилмасдан, белгиланган миқдорда кам миқдорда давлат божи ундирилган ҳолатлари учрамоқда.
Энди эса бир амалиётдаги ҳолатга эътибор қаратсак.
Жумладан, даъвогар “ААА” акциядорлик жамияти “ББ” жавобгарга нисбатан даъвогарга тегишли жавобгардаги акцияларнинг ҳаммаси (45 000 дона)ни 1 дона акциянинг бозор нархи 10 152,22 сўм, жами 456 849 900 сўмлик акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятини юклаш ҳақида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъвогар ушбу даъво аризасини судга тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”нинг 2-банди, б) кичик бандига ҳамда иккинчи изоҳига асосланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида 1.650.000 сўм давлат божи тўлаган.
Биринчи инстанция суди ушбу даъво талабини номулкий даъво талаби деб ҳисоблаб, даъво аризасини нотўғри иш юритувга қабул қилган ва ишни мазмунан кўриб чиқиб, 2023 йил 27 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Жавобгар зиммасига даъвогарга тегишли бўлган 45.000 дона акцияни бир дона акциянинг бозор баҳоси 10.152,22 сўмдан жами 456.849.900 сўмлик акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбурияти юклатилган. Шунингдек, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига олдиндан тўланган 1. 650.000 сўм давлат божи ва 33.000 сўм почта харажати, Олий суд депозитига 85.000 сўм ВКА харажатлари ундирилган.
Бироқ, биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талаби 456 849 900 сўмлик акцияларни акциядорлар жамияти томонидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятини юклатиш бўлганлиги сабабли иш натижаси бўйича ундирилиши лозим бўлган давлат божини даъво талаби мулкий тусдаги талаб эканлигидан келиб чиқиб ундириши лозим эди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”нинг 2-банди, “а” кичик бандида, мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда деб, “д” бандида, апелляция, кассация ва назорат тартибида берилган шикоятлардан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида деб, ушбу банднинг биринчи изоҳида, мулкий хусусиятга эга низолар бўйича давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ставкалар деб, иккинчи изоҳида, иккинчи изоҳида, кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида ушбу банднинг «а» – «г» ва «е» кичик бандларида кўрсатилган белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди деб белгиланган.
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолати Сурхондарё вилоят суди иқтисодий судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг тегишли қарори билан тўғриланиб, даъво талаби рад этилганли сабабли даъвогардан Республика бюджетига биринчи инстанция учун 2.918.499 сўм, апелляция шикояти учун 1.459.249,5 сўм, жами 4.377.748,5 сўм давлат божи ундирилди.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси