ГУЛЗОРДАГИ ТЎҚНАШУВ

очерк
Жўрабек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил март ойида Қизириқ туманида жойлашган автомактабда ўқиб “В,С” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлади. Шундан буён енгил турдаги транспорт воситаларини бошқариб келиб, доимий ишлаш жойи бўлмагани учун мавсумий равишда қурилиш ишлар эди.
У қурувчи устаси бўлганлиги сабабли иши юзасидан номида бўлган “Кобальт” русумли автомашинасида ишга бориб келиб юрарди. Кунларнинг бирида таниши Хасан унга “-Ука Шеробод туманида иш бор, бировнинг уйига туникафон қоқишимиз керак, ишламайсанми?” деб таклиф билдиради. Ўша вақтларда бекор бўлганлиги учун Хасанни таклифига рози бўлади. Ўзига таниш бўлган Хасан, Салим ва Музаффарлар билан биргаликда Шеробод туманида яшовчи бир шахснинг яшаш хонадонига туникафон қоқишни бошлаб юборишади. Икки кун мобайнида эрталаб биргаликда бошқарувидаги автомашинасида ишга келиб кечга яқин яна биргаликда уйга қайтишади.
Шу билан орадан кунлар ўтиб 2025 йил 03 февраль куни эрталаб соат 08:30 ларда бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашинада шериклари ишга қараб йўл олади. Шеробод туманига бориш учун Қизириқ тумани “Гулзор” маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р100 автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётган пайтида олдида кетаётган оқ рангли “Нексия-3” русумли автомашинани қувиб ўтиш учун тезликни оширади ва қувиб ўтиш манёвирини бажараман деб ўзига қарама-қарши йўналишга чиққанида “Нексия-3” русумли автомашина ҳам тезлигини ошира бошлайди ва қандайдир уни қисиб юборади. Натижада бошқарувни йўқотиб ўзига қарама-қарши томоннинг четки қисмига чиқиб кетади ва автомашинаси ўнг томони билан ёнбош бўлиб унга қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган оқ рангли “Дамас” русумли автомашинанинг олд томонидан бориб урилиб йўл четидаги зовурга юмалаб кетади.
Ўша вақтда ўзида бўлганлиги учун атрофдагиларни ёрдамга чақира бошлайди. Аммо ёнидагиларнинг юзидаги қонни кўриб ҳушини йўқотиб қўяди. Ўзига келганида шифохонада ётган бўлади.
Афсус йўл транспорт ҳодисаси вақтида унинг “Кобальт” русумли автомашинасида йўловчи бўлган Музаффар, “Дамас” русумли автомашинасида бўлган 2 нафар йўловчи олган оғир тан жароҳатлари натижасида вафот этади.
Ҳар икки автомашинадаги бошқалар эса турли даражадаги тан жароҳати олиб, шифохонага ёткизилади.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Жўрабек айбига иқрорлигини, чин дилдан пушаймонлигини, вафот этган марҳумларнинг яқинларидан кечирим сўраганини, жабрланувчилардан ҳам кечирим сўраганини, уларга етказилган моддий зарарларни қоплашганини баён этиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.
Қонунларимизда ҳайдовчи ҳаракатланиш чоғида бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳаракатланишига хавф туғдирмаслиги керак деб белгилаб қўйилган.
Суд Жўрабек Бозоровнинг содир этган қилмиши оқибатида – уни ўз умрини панжара ортида ўташга лойиқ деб топди ҳамда қилмишига мос транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Аммо йўл транспорт ҳодисаси туфайли вафот этганлар энди бу дунёга қайтиб келмайди.
Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.
ОЙБЕК ҲАЙИТОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






