ГИЁҲВАНДЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УЮШГАН ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ

Бугунги кунда гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчилик бутун жаҳон ҳамжамияти учун энг хавфли ижтимоий таҳдидлардан бири ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси инсон саломатлигига, жамият барқарорлигига ва давлат хавфсизлигига жиддий зарар етказади. Уюшган жиноятчилик эса айнан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар орқали молиявий қудратга эга бўлиб, бошқа оғир жиноятларни ҳам келтириб чиқаради.

Мамлакатимизда мазкур иллатларга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Гиёҳвандлик тушунчаси ва унинг хавфи.

Гиёҳвандлик инсон организмининг наркотик ёки психотроп моддаларга руҳий ва жисмоний қарам бўлиб қолиши ҳолатидир. Бу ҳолат инсоннинг онги, иродаси, соғлиги ва ижтимоий ҳаётини издан чиқаради.

Гиёҳвандликнинг асосий хавфлари:

-инсон саломатлигининг оғир зарарланиши;

-руҳий касалликлар ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши;

-оилаларнинг пароканда бўлиши;

-жиноятчилик даражасининг ошиши;

-ёшлар келажагининг барбод бўлиши.

Айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандликнинг тарқалиши миллат генофондига жиддий таҳдид солади.

Уюшган жиноятчилик олдиндан режалаштирилган, барқарор жиноий гуруҳлар томонидан содир этиладиган жиноятлар тизимидир.

Гиёҳвандлик уюшган жиноятчиликнинг асосий молиявий манбаси ҳисобланади. У қора бозор иқтисодиётини шакллантиради, коррупцияни кучайтиради ва трансмиллий жиноий тармоқларни вужудга келтиради.

Шу сабабли, гиёҳвандликка қарши кураш бир вақтнинг ўзида уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳам ҳисобланади.

Гиёҳвандликнинг олдини олишда қуйидаги йўналишлар муҳим аҳамиятга эга:

-профилактик тадбирлар;

-таълим муассасаларида ҳуқуқий ва маънавий тарбияни кучайтириш;

-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

-оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини олиб бориш.

Бу борада тиббий ёрдам учун гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва реабилитация қилиш ҳамда махфий ва бепул тиббий хизматларни кенгайтириш лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркотик моддалар айланмасига қарши қатъий қонунчилик мавжуд бўлиб, махсус давлат органлари фаолият юритмоқда.

Мазкур ислоҳотлар жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди фаолиятида ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, 2025 йил даваомида гиёҳвандлик воситалари билан 67 нафар шахсга нисбатан 54 та жиноят иши кўриб тамомланган.

Ушбу турдаги жиноятларни аксарият ёшлар ўртасида содир этилаётганлиги ачирнали ҳолдир. Жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини бартараф этиш бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Ҳар бир фуқаро соғлом ҳаёт тарзини танлаб, қонунларга риоя этган ҳолда, бу иллатларга қарши курашда фаол иштирок этса, жамият барқарорлиги ҳамда келажак авлод бахти таъминланади.

АБДУСАЛОМ МИРЗАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси