ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИДАН БЎЙИН ТОВЛАШ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Оила – жамиятнинг асосини ташкил этувчи қўрғон. Унда эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимиз улғаяди.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг негизини ташкил этади.  Шу боис, давлатимизнинг Бош Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Оила” хусусида алоҳида боб киритилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда оила тўғрисида алоҳида боб ажратилганлигининг ўзи унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни нечоғлик муҳимлигидан далолат беради.

Жамият ва давлат учун оила, никоҳ, оналик, оталик ва болалик ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир, зеро, ушбу тушунчалар жамият ва давлат шаклланишини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-бобида ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари мустаҳкамланганини таъкидлаш зарур. Ушбу кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбу­рия­тини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буй­руғига асосан ундирилади.

Алимент (лотинча сўздан олинган бўлиб, қарамоғидаги ва боқимидаги) бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик- ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, мазкур модданинг 2-қисмида, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Шундай қилмиш маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексини
122-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади; мазкур модданинг 2-қисмида, ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади; мазкур модданинг 3-қисмида, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Амалиётда алимент ундириш билан боғлиқ ишлар эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оиладаги носоғлом муҳит, ёш оилаларни арзимаган сабабларга кўра бирга яшамай қўйишлари оқибатида юзага келмоқда. Натижада болалар отасиз, онасиз улғаймоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини ҳис қилган ҳолда, оилада соғлом муҳит яратишга маъсул эканлиги, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандларни баркамол авлод қилиб тарбиялашда уларга маънавий кўмак бўлиш билан бир қаторда моддий таъминотини яхшилаш ҳам мухимлигини ёддан чиқармасликлари лозим.

НИГОРА ХАСАНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси