Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

Болалар (вояга етмаган шахслар)га яхши тарбия бериб, уларни тўғри йўлга солиш ота-оналар, жамият ва давлатнинг муҳим вазифаси. Бу тўлақонли амалга оширилганда, бола вояга етганда комил шахсга айланади.

Аксинча бўлса, бола турли номақбул кўчаларга кириши, ҳатто жиноятга қўл уриши мумкин. 

Бизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашнинг алоҳида тартибини белгилаш зарурияти юзага келмоқда.

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1092 сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 4 июлда қабул қилинган, Сенат томонидан 2025 йил 1 августда маъқулланган ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

Мазкур Қонунни асосий жихати Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишини, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан ҳоли тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Жумладан, Жиноят кодексининг 77-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилди. Яъни, «Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган ҳисобланади, бундан ўта оғир жиноятлар ёки содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлганидан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этиш ҳоллари мустасно»;

Бундан ташқари, мазкур кодекснинг 841-модданинг матнидаги «олти ойдан» деган сўзлар «бир ойдан» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

Шунингдек, 85-модданинг биринчи қисмидаги «олти ойдан» деган сўзлар «бир ойдан» деган сўзлар билан алмаштирилсин деб белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 февралдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида  вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш вазифаси белгиланган эди. 

Қонунга кўра, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилди. 

Таъкидланганимиздек, вояга етмаганга “судланганлик тамғаси” қўйилса, бу унинг ҳаётига салбий таъсир қилиши турган гап. Шунинг учун эндиликда уларни бу тамғадан халос қилиш амалиёти йўлга қўйилди.  

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Қонун билан вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлиги янада либераллаштирилиши эндиликда ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун уларга шароит яратилади.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси