ВАСИЯТ ВА ҚОНУН БЎЙИЧА МЕРОСНИНГ ФАРҚИ

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига асосан мерос мол-мулк меросхўрлар ўртасида икки хил усулда, яъни васият бўйича ҳамда қонун бўйича амалга оширилади.

Васиятнома орқали мерос қолдирувчи ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродасини ифода этади.

Васиятнома асосида мерос қолдирилганида васият қолдирувчи ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Вафот этган шахс томонидан у ҳаётлик вақтида васиятнома орқали мерос қилиб қолдирилмаган мол-мулклари ва мулкка бўлган ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда қонун бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимланади.

Қонун бўйича меросхўрларга Фуқаролик кодексининг 1135-1141-моддаларида кўрсатилган ва навбат тартибида ворисликка чақириладиган шахслар киради. Қонунда  тўртинчи навбатда ворисликка чақирилувчи шахслар доираси аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи даражадаги қариндошларга кирувчи меросхўрларни аниқлашда Оила кодекси 57-моддасига риоя этиш лозимлиги белгиланган.

Васият бўйича ва қонун бўйича мероснинг асосий фарқли жиҳати шундаки, шахс вафот этишидан олдин у томонидан васиятнома қолдирилганида мерос мол-мулкнинг васиятномада кўрсатилган қисми бўйича айнан ўша васиятномада кўрсатилган меросхўрга мол-мулк ёки мулкка бўлган ҳуқуқлар ўтказилади, қонун бўйича мерос эса вафот этган шахснинг меросхўрлари ўртасида васиятнома мавжуд бўлмаганида бутун мерос бўйича ёки мероснинг васиятнома орқали васият қилинмаган қисми бўйича тақсимланади.

Бу орқали қонунчиликда дастлаб мол-мулк ва ва мулкка бўлган ҳуқуқларнинг эгаси сифатида мерос қолдирувчининг хоҳиш-иродасига, васиятнома бўлмаган ёки шахс вафот этишидан олдин ўз хоҳиш-иродасини баён этмаган тақдирда эса эса қонун орқали меросхўрларни аниқлаш ва меросни тақсимлаш тартиби жорий қилинганлигини кўриш мумкин.

Дилмурод Жумаев

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси