Бугун Термизда фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини ҳал этишда вужудга келаётган муаммолар, уларнинг ечимлари ва ҳуқуқий оқибатлари мавзусида семинар ташкил этилди

Унда Олий суд ва вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари, воҳамизда фаолият юритувчи ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг кадрлар масалалари бўйича масъуллари ҳамда касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этишди. Семинар бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири – меҳнат муносабатлари ва унга риоя этиш, фуқароларни бузилган меҳнат ҳуқуқларининг ҳимояланишига бағишланди.

Дастлаб семинарда 2024 йил давомида судларга манфаатдор идоралар томонидан киритилган даъво аризалари таҳлил қилиниб, фуқароларнинг бузилган меҳнат муносабатларини тиклаш ҳақида мурожаат қилиш тартиблари, судгача Медиация тўғрисидаги Қонун талабларидан кенг фойдаланиш, корхона ва ташкилотларга ходимнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тақдимномалар чиқарилиши, ходим ҳуқуқлари ўз вақтида тикланмаган ҳолларда судларга манфаатдор шахс манфаатида даъво аризаси бериш мақсадга мувофиқлиги, қолаверса, мазкур ҳаракатлар кўпчилик бюджет ташкилотларини тўланиши лозим бўлган ортиқча харажатлардан сақлаб қолиши тушунтирилди.

Шундан сўнг сўзга Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Нурали Рахмонов сўзга чиқиб, иштирокчиларга ҳар бир юзага келаётган меҳнат низолари авваламбор, ходим ишлаб келган ёки ишлаётган корхона, муассаса ва ташкилотнинг ўзидаги касаба уюшмасида ёки меҳнат низолари бўйича комиссияларда кўриб чиқилиб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чораларини кўриш лозимлиги, бундан ташқари судгача бўлган босқичда низоларни тарафлар ўртасида келишув ва Медиация тартиб-тамойиллари асосида ечим топиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқларини тиклаш шунингдек, уларнинг меҳнат қонунчилигида белгиланган ва қонун билан кафолатланган ҳуқуқларини таъминлаб бориш зарурлиги таъкидланди. 

Тадбирда вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси Шерали Тогоев томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари, ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бузган ҳолларда интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилиши ёки меҳнат қонунчилиги ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чораларининг қўлланилиши ҳамда қонунларда, интизом тўғрисидаги уставлар ёки низомларда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмаслиги юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, прокуратура органларининг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан олиб бораётган ишлари, Касаба уюшмалари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси давлат инспекторларининг интизомий жазо чораларини қўллаш юзасидан маърузалари эшитилди.

Қизғин тарзда бўлиб ўтган семинар давомида иштирокчилар амалиётда юзага келаётган баҳсли мавзулар ва муаммолар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси