БОСҚИНЧИГА ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

очерк
Босқинчилик бу – ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этиладиган жиноятдир. Ушбу жиноят ўзининг содир этилиш усули, келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатига кўра, мулкка қарши жиноятлар сирасидаги – энг хафвлисидир.
Эндигина 27 ёшни қаршилаган Ботир Орзиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қарангки босқинчилик жиноятини содир этишга улгурди. У бунгача яна икки маротаба ўғирлик жиноятини ва бир маротаба босқинчилик жиноятини содир этиб, суднинг қора курсисида ўтириб, тавба қилмасдан, текин даромад топиш илинжида бўлди.
Ботир кунларнинг бирида текин йўл билан бойлик орттириш мақсадида, бошқарувида бўлган “Ваз-21011” русумли автомашинаси билан ҳаракатланиб кетаётган бўлади шунда ўзига таниш бўлмаган Мақсуданини йўлнинг четки қисмида ёлғиз турганлигини кўриб қолади. Ботир бошқарувида бўлган автомашинасини Мақсудани ёнига бориб тўхтатади. Ботир автомашинасидан тушади-ю, Мақсудани ёнида бўлган нарса ва буюмларни кўриб, уни қўрқитиш йўли билан эгаллашни ўзига мақсад қилади.
Мақсуда ҳохламасада, уни автомашинасига мажбурий равишда миндириб, бошқа бир маҳалладаги ички кўчага Мақсудани олиб бориб, уни ўлдириб юбориш билан қўрқитади.
Шундан сўнг Ботир Мақсудага ҳужум қилиб, қўллари билан унинг юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига тан жароҳати етказади ҳамда Мақсуданинг “Redmi-Note 5” русумли қўл телефон аппаратини босқинчилик йўли билан олиб, ҳодиса жойидан яширинади.
Шу вақтда Мақсуда узоқда бир уйнинг ёниб турган чироғини кўриб шу томонга қочиб кетади ва ўша уйга бориб уй эгасига бўлиб ўтган ҳолатларни айтиб беради. Уй эгаси зудлик билан Ички ишлар органига хабар беришади.
Хабарни эшитган ички ишлар ходимлари тезда етиб келиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатларини бошлаб юборишади. Тезкор-суриштирув ҳаракатлари натижасида Ботир Орзиевдан босқинчилик йўли билан олинган Мақсуданинг “Redmi-Note 5” русумли қўл телефон аппарати тегишли тартибда расмийлаштириб олинади.
Бировнинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш қонунларимизда оғир жиноят ҳисобланади. Нега, қахрамонимиз Ботир буни билмадими дейсизми? Текин даромад, ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириш, босқинчилик қилиш ҳеч қачон яхшилик билан тугаган эмас. Суд Ботир Орзиевнинг қилмишлари лойиқ жазони тайинлади. У энди умрини 10 йилу 6 ойини панжара ортида ўтказади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси