Бола тарбияси билан боғлиқ низоларни судда кўриш тартиби
Ёш авлодни эркин, демократик, инсонпарварлик тамойиллари асосида комил инсон рухида ўстириш, уларнинг нафақат ўз хуқуқ ва эркинликларини яхши билувчи, балки уларни амалга ошира оладиган ҳамда ўз бурч ва мажбуриятларини хам онгли равишда бажарувчи инсон сифатида жамиятнинг тенг хуқуқли ва фаол субъекти қилиб тарбиялаш фуқаролик жамиятига асосланган демократик, хуқуқий давлатни қуришни ўз олдига мақсад қилиб олган хар бир демократик давлатлар каби Ўзбекистон учун хам муҳим ва долзарб масала ҳисобланади.
Болалар алоҳида ғамҳўрлик ва ёрдам хуқуқига эгадирлар.
Жамиятнинг асосий ташкилоти хисобланган оила ва атроф муҳит унинг барча аъзолари, айниқса, болалар ўсиб улғайишлари ва фаровонликка эга бўлишлари, соғлом ва хар томонлама уйғунлашган холда камолотга етиши учун у оила ғамхўрлигида, бахт, мехр-мухаббатни онгли тушуниш вазиятида ўсиши, жамиятда мустақил хаётга тўла тайёрланиши, айниқса, ўз она юртига, оиласига муҳаббат руҳида тарбияланиши лозим.
“Бола хуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция болаликнинг ёки бола хаётини бошланишини белгилаш масаласини миллий қонунчилик ихтиёрига қолдирган.
Хар бир бола ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, боланинг соғлиғи ва туғилиши, унинг онаси ёки қонуний васийси ёки бошқа бирон-бир ҳолатлардан қатъий назар хурмат қилиниши ва хуқуқлари таъминланиши керак.
Буларни амалда бажарилиши учун ижтимоий масалалар билан шуғулланувчи давлат ва хусусий муассасалар, судлар, маъмурий ёки қонун чиқарувчи органлар томонидан боланинг хуқуқлари ва манфаатлари яхшироқ таъминланишига эътибор берилиши лозим.
Бола ўзининг фикрини эркин ифодалаш, виждон ва дин эркинлиги, билим олиш, дам олиш хамда ота-онаси турли давлатларда яшаётган бола алохида ҳолатлардан ташқари, ота-онаси билан мунтазам равишда шахсий муносабатлар ва тўғридан-тўғри алоқалар боғлаб туриш хуқуқига эга.
Хозирги замоннинг долзарб вазифаларидан бири- бу бола хуқуқлари ва эркинликларини хар томонлама таъминланиши ва ҳимояланишини амалдаги қонунлар асосида бажарилишини таъминлаш орқали болаларни баркамол ўстириш ҳамда жамиятнинг хар томонлама етук аъзоси сифатида тарбиялаш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 67-моддасида “Боланинг хуқуқи ва қонуний манфаатларини химоя қилиш ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу кодексда назарда тутилган холларда эса – васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.”- деб кўрсатилган.
Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни судлар томонидан тўғри хал этилиши ота-оналарнинг ва болалар хуқуқларининг муҳофазасини, ота-оналарнинг болаларини тарбиялашдаги маъсулиятлари оширилишини таъминлашга имконият туғдиради, ота-оналарнинг болалари манфаатларига зид бўлган хуқуқларидан фойдаланишларига бархам беради.
Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган қуйидаги, хусусан, боланинг бошқа-бошқа жойда турган ота-онасидан қайси бири билан бирга яшаши; боласидан алохида турган ота ёки онани боласининг тарбиясида иштирок этишда қаршиликни бартараф этишни; бошқа шаҳслар тарбиясида бўлган болаларни ота-онасига қайтариш; ота-оналик хуқуқидан маҳрум этиш ва ота-оналик хуқуқини тиклаш; ота-оналик хуқуқидан махрум этмасдан болаларни олиш (ота-оналик хуқуқини сақлаш); боланинг ота-оналик хуқуқи чекланган ота-она билан кўришиши; ота-оналик хуқуқи чекланишини бекор қилиш; фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ва бошқа низолар судда кўрилади.
Вояга етмаган болаларнинг ота-онасининг қайси бири билан яшашлиги хақидаги низо никохдан ажралиш тўғрисидаги даъво билан биргаликда хал этилаётган ҳолларда болалар бошқа шахсларнинг тарбиясида эканлиги ҳамда улар болаларни ота-онасига қайтаришга қаршилик кўрсатаётганликлари аниқланса, суд бу низони алохида иш юритишга ажратиш тўғрисида масалани мухокама қилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасида “Ота-оналар бошқа шахслар олдида болаларини шахсан тарбия қилишда устун хуқуққа эгадирлар ва болаларини қонунга асосланмаган холда ушлаб турган хар қандай шахсдан қайтарилишини талаб қилишга хақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек суд ота ёки онанинг боласининг тегишлича тарбиясини таъминлай олиш имкониятларини, ота ёки онанинг боласи билан ўзаро муносабатлари хусусиятларини, боланинг ўз ихтиёрида бўлган шахсларга қанчалик кўнгил қўйганлигини ва бошқа мавжуд холатларни эътиборга олади. Агар ота-онанинг хам бола ихтиёрида бўлган шахсларнинг хам уни тегишлича тарбиялашни таъминлай олмасликлари аниқланса, суд васийлик ва ҳомийлик органларининг ёки прокурорнинг даъвосига асосан болани васийлик ва ҳомийлик органлари қарамоғига олиб беради. Бундай талаб қўйилмаган бўлса, суд ўзининг хусусий ажрими билан бу органларнинг эътиборини шундай даъво қўзғатиш зарурлигига қаратади.
Оила кодексининг 76-моддасига кўра, боласидан алохида турадиган ота ёки она боласи билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиш масаласини хал этишда қатнашиш хуқуқига эга. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири )нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида хал қилинади.
Бола тарбияси билан боғлиқ бўлган суддаги барча низоларни кўришда уларнинг ҳимояси юзасидан ким томонидан даъво қўзғатилганидан қатъий назар, ишда иштирок этиш учун халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман(шаҳар) бўлими жалб қилиниши лозим.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Чорибек Аролов
Сурхондарё вилоят судининг девонхона мудири