Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялашдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 24 декабрда қабул қилинган фармонга мувофиқ, “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳужжат мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни турли кўринишдаги зўравонликдан асрашга қаратилган муҳим дастурий чора-тадбирлар мажмуасини белгилайди. 

Стратегиянинг асосий мақсади – болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, шунингдек, жамиятда муросасизлик муҳитини шакллантиришдир. Ҳужжатда болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, иқтисодий ва рақамли зўравонликка қарши қатъий чоралар кўриш назарда тутилган. 

Фармонга кўра, мамлакатда профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат орқали ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли вазиятга тушган болаларни вақтинча тарбияга олиш тизими шакллантирилади. Шу билан бирга, болаларни муассасаларга жойлаштириш ўрнига уларнинг жамиятга мослашуви учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади. 

Стратегияда ота-оналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Болаларни тарбиялашда қийинчиликка дуч келган оилалар учун махсус хизматлар йўлга қўйилади. Бу орқали ота-оналарга маслаҳат, психологик ёрдам ва ижтимоий кўмак кўрсатиш тизими кенгайтирилади. 

Қонунчилик соҳасида ҳам муҳим қадамлар белгиланган. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг самарали ижросини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган. 

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Бунда:

-профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши ҳавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;

-зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;

-профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;

-профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади;

-дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади;

-жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланди.

Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам ўз позициясини мустаҳкамламоқда. Мамлакат Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга қўшилди. Бу ташаббус орқали халқаро тажрибалардан фойдаланиш, илғор амалиётларни жорий этиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтириш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, жамият учун бу стратегиянинг аҳамияти катта. Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялаш демакдир. Президент фармони билан тасдиқланган стратегия мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб берди. 

Мазкур фармон билан тасдиқланган стратегия нафақат болаларни зўравонликдан асраш, балки келажакда маънавий етук ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг ижтимоий барқарорлиги ҳамда тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

БЕҲРУЗ СИДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси