БАНКРОТЛИК ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьялари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари, суд бошқарувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш юритиш доирасида юзага келаётган айрим масалалар ҳамда уларнинг ечимига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинарда судьялар, вилоят прокуратураси ва вилоят солиқ бошқармаси масъул ходимлари ҳамда суд бошқарувчилари иштирок этишди.


Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай корхона ёки тадбиркорлик фаолиятида молиявий қийинчиликлар юзага келиши табиий ҳолат. Бунга бир қатор омиллар: хусусан, корхонада нотўғри молиявий бошқарув сиёсати, ишлаб чиқариш харажатларининг ошиб кетиши, бозор талабининг камайиб кетиши, қарз юкининг ошиб кетиши ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин. Мана шундай ҳолатларда қарздорлик миқдори ортиб кетиши оқибатида мажбуриятларни ўз вақтида бажариш имконияти йўқолиб, банкротлик ҳолати юзага келади.
Банкротлик – бу қарздорнинг кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳолати бўлиб, у фақат суд тартибида эътироф этилади. Банкротлик жараёни орқали қарздорнинг молиявий ҳолати тикланиши мумкин ёки унинг акси, фаолияти тугатилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, банкротлик – бу иқтисодий фаолиятнинг якунланиши эмас, балки айрим ҳолларда корхонани соғломлаштириш имконияти ҳамдир. Тўғри ва шаффоф ташкил этилган банкротлик жараёни тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, кредиторлар манфаатларини таъминлайди ҳамда иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради.
Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қарздор ва кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек иқтисодий барқарорликни таъминлашга, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ушбу соҳадаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Тадбирни ташкил этишдан мақсад – тўловга қобилиятсизликка доир иш юритиш жараёнида кредиторлар ва ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизликка доир иш юритилаётган қарздор корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, сохта банкротлик ёки қасддан банкротликка олиб келинганлиги ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ҳисобланади.
Семинар сўнгида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
АБДУЛЛА САФАРОВ,
Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси






