Аҳолининг ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган ерларга қурилиш қилиш тақиқланди ва бундай чекловни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбонлар, дарахтзорлар, умуман олганда, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудида бино ва иншоотларни қуриш ҳолатлари кўпайди. Оқибатда кўп йиллик дарахтлар кесилиб, атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.  

Дарҳақиқат, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил» иқтисодиёт йили»да амалга ошириш бўйича давлат дастури доирасида экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш кўзда тутилган. 

Хусусан, жорий йилнинг 5 май кунида “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Қонунга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб ер ресурсларини муҳофаза қилиш,  тупроқнинг унумдор қатлами йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, ўрмон ҳамда сув фонди ерларида тупроқ карьерлари фаолияти тақиқланади.  

Таъкидлаш жоизки, ер ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш, шаҳарсозлик регламентлари талабларини таъминлаш, ердан фойдаланувчиларнинг, ижарачиларнинг, ер участкаси мулкдорларининг ердан фойдаланиш тартибидан  хабардорлигини ошириш мақсадида ердан рухсат этилган ҳолларда фойдаланиш турларини аниқлаштириш зарурияти юзага келган эди.  

Амалдаги қонунчиликка кўра, «ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш тури» деган тушунчанинг таърифи мавжуд эмас эди ҳамда унинг мазмуни очиқланмаган эди.

Шунингдек, ер участкасини сотиб олиш ёки инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлашдан олдин ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш турлари ҳақида аниқ тушунчага ёки тасаввурга эга бўлиш керак.

Шу каби ҳолатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Бундан ташқари, истироҳат боғларнинг ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш, кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб, янгидан қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бинобарин, янги қабул қилинган қонун билан амалдаги 4 кодекс ва 7 қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят, Шаҳарсозлик, Маъмурий жавобгарлик ва Ер кодексларига, шунингдек “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Давлат ер кадастри тўғрисида”, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Томорқа хўжалиги тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.  

Мазкур қонун ҳужжатларига ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилишини, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш мақсадида дам олиш учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудни қисқартириш, мазкур ҳудудларда бино ва иншоотлар қуришни тақиқлаш, ушбу чекловларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи нормалар киритилди.  

Ер ва шаҳарсозлик қонунчилиги ўртасидаги муносабатларни таъминлаш, шунингдек улардан фойдаланиш мақсади устидан назорат қилиш самарадорлиги  кучайтирилди.  

Эндиликда ердан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлиги оширилади.  

Мухтасар айтганда, ушбу Қонун экология ва атроф – муҳитнинг  яхшиланишига ҳамда  мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси