ОҚ ХАЛАТЛИ ФИРИБГАР

очерк

Сўнгги йилларда жамиятда фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолатдир. Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида одамларни алдаш, уларнинг ишончидан фойдаланиб пул ундириш каби жиноятлар ҳақида хабарлар берилади. Телевидение ва радио орқали “Эҳтиёт бўлинглар, фирибгарларга алданманглар!” деган огоҳлантиришлар тез-тез эълон қилинади.

Аммо, афсуски, содда ва ишонувчан одамлар ҳали-ҳамон бундай тузоқларга тушиб қолмоқда.

Фирибгарлар турли соҳаларда учрамоқда. Баъзан улар ўзларини тадбиркор, баъзан мутахассис, баъзан шифокор сифатида таништириб, одамларнинг дарди ва ишончидан фойдаланишга уринмоқда. Қуйидаги воқеа эса айнан шундай ҳолатлардан бири бўлиб, оқ халат кийган инсоннинг фириб йўлига кириб кетиши қандай оқибатларга олиб келишига бир мисол.

Али Худоёров (исм-шарифи ўзгартирилган) ўттиз саккиз ёшни қаршилаган бўлса-да, бу вақт ичида икки марта озодликдан маҳрум этилиб, жазони ҳам ўтаб улгурган. Унинг аввалги жиноятлариям айнан фирибгарлик билан боғлиқ эди.

Озодликка чиққач, у яна ўз касби – шифокорлик фаолиятини давом эттириб, вилоят марказидаги нуфузли шифо масканларидан бирида ишлай бошлади.

Оппоқ халат кийиб юргани учун кўпчилик уни ҳурмат билан “дўхтир ака” деб саломлашарди. Илгари унинг тузоғига тушиб, алданиб қолганлар ёки қилмишлари ҳақида эшитганлар бу “шифокор”га дуч келмасликка ҳаракат қилишарди.

Али Худоёров танишларининг ўзига муносабатини яхши билса-да, бундан унчалик ташвишланмасди. Чунки фирибгарлик унинг учун иккинчи “касб”га айланиб улгурган эди. Алдов орқали қўлга киритилган мўмайгина пул уни яна шу эгри йўлга киришга ундайверарди.

Бир куни у ижтимоий тармоқларни кўздан кечираркан, навбатдаги фирибгарлик “режа”си ярқ этиб хаёлига келди. Кўп ўйлаб ўтирмай, дарҳол интернетда саҳифа очди ва унда шундай эълон жойлаштирди: “Ҳиндистондан машҳур шифокорлар келиб, оғир касалликларни даволаш бўйича қабул ўтказади. Мурожаат қилиш учун эса қуйидаги манзил орқали онлайн рўйхатдан ўтинг” деб айнан ўша саҳифани кўрсатди. Эълонга ўзининг телефон рақамини ҳам қўшиб қўйди.

Кўп ўтмай, телефонига бирин-кетин қўнғироқлар кела бошлади. У ҳар бир мурожаат қилувчи билан хушмуомала оҳангда гаплашиб, уларни “рўйхат”га ола бошлади.

– Алло, ассалому алайкум! Сиз Али аками?

– Ҳа, менман, – деб жавоб берарди у.

Мурожаат қилганларга у гўёки мутахассислар қабули учун олдиндан пул тўлаб навбатга ёзилиш лозимлиги, касаллик турига қараб керакли дори-дармон учун олдиндан тўлов қилиш ҳам талаб этилишини эринмай тушунтирарди.

Қумқўрғонлик Жалил Эгамов (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай мурожаат қилувчилардан бири бўлди. У қизининг терисида пайдо бўлган касаллик туфайли кўп шифокорларга мурожаат қилган, аммо кутилган натижани ололмаган эди.

-Али ака, қизимнинг терисида дард бор, ўзимиздан шифо тополмадик, — деди у илтижо билан.

-Ўша жойни расмга тушириб юборинг, – деди дўхтир.

Жалил ака қизининг қўлидаги ярани суратга олиб юборди. Шундан сўнг Али Худоёров ўзича “мутахассислар хулосаси”ни баён қилиб, қабул учун уч юз минг сўм, дори-дармон учун эса икки миллион сўм керак бўлишини билдирди. Пулни ўтказиш учун ўзининг пластик карта рақамини юборди.

Шифога умид қилган одамлар унинг айтганларига ишониб, ана шу тарзда бирин-кетин пулларни ўтказа бошладилар. Али Худоёров эса келиб тушаётган маблағларни ўз эҳтиёжига ишлатиб, тараллабедод қилиб юраверди. Мурожаат қилувчилар қачон хориждан шифокорлар келишини сўрашса, у: “Яқин кунларда келади”, деб алдашда давом этарди.

Кунлар ойларга уланди. Бир куни мижозлардан бири Жалил Эгамов яна қўнғироқ қилиб, шифокорлар қачон келишини сўраганида, Али Худоёров бепарво тарзда:

-Дўхтирлар келмас экан, – деб жавоб берди.

-У ҳолда пулларимизни қайтаринг, – деган талабга эса у:

-Пуллар кетди, энди йўқ, – деди яна совуққонлик билан.

Шундан сўнг Жалил Эгамов алданганини тушуниб етди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Кўп ўтмай, Али Худоёровнинг уйига формадаги ходимлар келиб, уни қўлга олдилар. У ички ишлар бўлимига олиб келиниб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Жабрланувчилар уни аввалдан танимаган бўлса-да, телефон рақами ва пластик карта орқали жиноят излари аниқланди.

Сўроқлар чоғида Али Худоёров қилмишларини яшириб ўтирмади. Илгари ҳам шу каби жиноятлар учун судлангани сабабли у бундай сўроқ-саволларга кўникиб кетган эди. Шўрчи туман судида кўрилган иш жараёнида у айбига тўлиқ иқрорлик билдирди ва қилган фирибгарликларини бирма-бир баён қилди.

Суд унинг аввал ҳам шу турдаги жиноятлар содир этгани боис, уни хавфли рецидивист деб топди ҳамда қилмишига яраша жазо тайинлади.

Бу воқеа барчага яна бир бор сабоқ бўлиши керак: инсон қанчалик ҳурматли касб эгаси бўлмасин, агар у қинғир йўлни танласа, оқибатда қонун олдида жавоб бериши муқаррар. Зеро, оқ халат инсонни эмас, инсон оқ халатни улуғлайди.

Тўлқин АБДИРАИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси