Амалдаги қонунчиликка йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Жорий йил 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ЎРҚ-1033-сон Қонун қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судьяси А.Алиқулов томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Узун туман Ички ишлар бўйими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи биносида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди.

Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.

Хусусан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади.

А.АЛИҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси