АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТГАН ОТА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Ўзбекистонда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига аҳамият бериш ва бу йўлда қайғуришга асосий вазифа сифатида ёндашилади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир оиланинг фарзанд олдидаги бурчини янада теранроқ англашини, оилада тарбия учун зарур бўлган муҳит – аҳиллик ва якдилликни талаб қилади.

Афсуски, оиладаги бир бутунлик ҳамиша ҳам сақлаб қолинавермайди. Бу эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб юз бериши ҳаммага маълум. Булар натижасидан қанчадан-қанча норасида гўдакларнинг “тирик етим” бўлиб қолишлари, шу билан бирга, фарзанднинг моддий таъминоти учун иккинчи тарафдан алимент пули ундириш каби масалалар билан судга мурожаат қилиш ҳолатларининг кўпайиши ачинарли.

Ангор туманида яшовчи Шерхон Ботиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам вояга етмаган фарзандининг тақдирига масъулиятсизлик билан қараб, оилавий низолар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашди.

Шерхон Ботировдан уч нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланиб, аммо фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан кўр-кўрона бош тортиб, бир неча маротаба жавобгарликка тортилди. Буни қарангки, жазодан сўнг ҳам унинг сўқир кўзлари очилмади.

Охир-оқибат унинг алиментдан қарздорлиги 28 миллион сўмдан ошди. Судда Шерхон Ботиров ишлари юришмагани сабабли алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмаганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини маълум қилди.

Суд судланувчи Шерхон Ботировни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топ­ди ва 1 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 28 миллион сўм алимент пули ундириш белгиланди.

Буни баён этишдан мақсад шуки, фарзандлар нафақат, моддий таъминотдан, балки ота тарбиясидан, меҳридан айрилиб қолмаслиги даркор. Инсон ҳақиқий бахтни фақат оилада топади. Айниқса, фарзандлар меҳри, уларнинг беғубор кулгуси ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

Шу маънода фарзандига меҳр бериш, уни баркамол қилиб воя­га етказиш чинакам инсоний бурчдир. Бу инсоний бурчни унутиш ҳеч шубҳасиз, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судьяси