АЙРИМ ОЛДИ-СОТДИ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА ТЎЛОВ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Эниликда кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида ҳисоб-китоблар нақдсиз шаклда нотариус ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви орқали амалга оширилади.

Сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда битимларни расмийлаштириш жараёнида ахборот хавфсизлиги  ва маълумотларнинг ишончлилигини  таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-246-сон Фармони қабул қилинди ва “Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлиги нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумотлар алмашиш йўли билан аниқланади. Эндиликда нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлашни тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида амалга оширади.

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича  ҳисоб-китоблар  қуйидаги тартибда амалга оширилади:

-Харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон  шаклдаги  ариза  билан мурожаат қилади;

-Банк томонидан тарафлар ўртасида шартнома бўйича келишилган пул маблағлари нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади;

-Шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан амалга оширилса, тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган(бошланғич)пул маблағлари кирим қилинади;

-Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида амалга оширилганда, бу ҳақда кредит ажратаётган банк томонидан нотариусга электрон маълумот юборилади;

-Харидор ёки унинг вакилининг банкдаги (банк картаси, талаб қилиб олингунча, электрон ҳамён)ҳисобварақларидан эскроу ҳисобварақ сифатида фойдаланилиши мумкин;

-Тарафлар олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади;

-Нотариус эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлигини электрон шаклда текшириб олади ҳамда шартномани тасдиқлайди; -Пул маблағлари сотувчи ёки унинг вакилининг ҳисобварағига ўтказилади ёки ҳисобварағига ўтказилган маблағлар уларнинг сўровига кўра нақд шаклда тақдим этилади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси