ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ – АДОЛАТ ПОЙДЕВОРИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд тизимининг адолатли, очиқ ва халқчил бўлишини таъминлашдир.

Шу мақсадда сўнгги йилларда қабул қилинаётган ҳар бир янги қонун, айниқса суд-ҳуқуқ соҳасига оид ҳужжатлар, инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Шулар қаторида 2025 йил 26 сентабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1084-сонли Қонуни – яъни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун, суд амалиётида, шахсий маълумотларни ҳимоя қилишда ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Ушбу қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик протсессуал кодекси ҳамда бошқа тегишли қонун ҳужжатларига қатор ўзгартишлар киритилди. Уларнинг барчаси бир мақсадга – суд жараёнларининг ошкоралиги билан бир қаторда, ёпиқ суд мажлислари, суриштирув ва тергов жараёнларида иштирок этган шахсларнинг сир сақлаш мажбуриятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Шахс шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонуннинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, эндиликда суд рухсатисиз ёпиқ суд мажлисида олинган маълумотларни ошкор қилган, тергов ёки суриштирув жараёнидаги маълумотларни рухсатсиз тарқатган шахслар қонун олдида жавобгарликка тортилади. Бу янгилик нафақат суд тизими учун, балки оддий фуқаролар учун ҳам бевосита аҳамиятлидир.

Чунки суд жараёни – бу фақат судьялар ёки терговчилар иши эмас, балки инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсий ҳаётининг дахлсизлиги билан боғлиқ масаладир. Қонун билан суд иштирокчилари – гувоҳ, жабрланувчи, адвокат, тарафлар, ҳатто жараёнда иштирок этган фуқаролар ҳам суд рухсатисиз маълумотни ошкор қилмаслик мажбуриятини олади. Шу орқали инсоннинг шахсий ҳаёти, оила сири ёки шаънига таъсир қилувчи тафсилотларнинг тарқалишининг олди олинади.

Адолатли суд тизимига ишонч – жамият пойдевори. Ҳозирги кунда адолатли суд тизими – фуқароларнинг давлатга бўлган ишончининг асоси саналади. Шу боис судлар фаолиятида ҳам очиқлик, ҳам махфийлик принципларини тўғри уйғунлаштириш зарур.

 “Очиқлик” деганда биз суд жараёнининг шаффофлигини, фуқароларнинг судга эркин мурожаат қилишини тушунамиз. “Махфийлик” эса инсон шаънини ҳимоя қилувчи ҳуқуқий тўсиқдир. Сўз борадиган мазкур қонун мана шу икки муҳим тамойил ўртасида мувозанатни яратади. Бу қонун орқали биз жамиятда ҳуқуқий масъулиятни кучайтиришимиз даркор.

Хулоса ўрнида бугун мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган сиёсатнинг амалий ифодаси – айнан шундай қонунлар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнларидир. Мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқларини янада кафолатлаш, суд жараёнларида шахсий маълумотларнинг ошкор қилинмаслигини таъминлаш, жиноят-процессуал адолатни мустаҳкамлаш йўлида муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида тарихда ўз ўрнини эгаллайди. Шубҳасиз, бу қонун амалда тўлиқ ишлаши учун ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини билиши, қонунларга ҳурмат билан ёндашиши зарур. Чунки, ҳуқуқий давлат қуриш йўлида асосий куч – халқнинг ўзидир.

БОТИР ЧЎЛИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг тергов судьяси