Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ бўлган ишларни, шунингдек медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишларни юритиш тартиби

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1089-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 4-кичик бўлим билан тўлдирилди.
Мазкур Кодекснинг 38-39-бобларида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ бўлган ишларни юритишнинг умумий қоидалари ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби белгиланган.
Унга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар жумласига:
1) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги;
2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар киради.
Судлар ушбу Кодекснинг 346-моддасида санаб ўтилган ишларни ушбу Кодекснинг 38-40-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўриб чиқади.
Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ иш бўйича ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида фуқаролик ишлари бўйича судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга берилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси юзасидан иш юритишни фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан низо бўйича иш юритиш тугаллангунига қадар тўхтатиб туради.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида берилади ва ҳал қилув қарори юзасидан низолашаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган фуқаролик ишлари бўйича суднинг номи;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, унинг жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва мазкур қарор қандай асослар бўйича низолашилаётганлиги.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон почта манзиллари ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси мазкур ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори кўчирма нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза жавобгарлар сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга фуқаролик ишлари бўйича судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, унга ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекс 349-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган талаблар, шунингдек ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича суд ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан бундай аризани қабул қилишни рад этади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича судда низолашилаётган ишнинг материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ушбу Кодекснинг 352-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан бекор қилиниши керак:
1) ҳакамлик битимининг қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;
3) ҳакамлик суди таркибининг ёки ҳакамлик муҳокамасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида зарур тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори суд томонидан бекор қилиниши лозим.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси






