ЎЗ ЭГАСИГА КЕЧИКТИРИБ БЕРИЛГАН МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ
Маълумки, меҳнат дафтарчаси – ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжати ҳисобланади.
Иш жойида беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга иш берувчи томонидан меҳнат дафтарчасини тутиши шарт. Бундан фақат ўриндошлик асосида ишловчиларгина мустасно деб амалдаги қонунчилигимизда белгиланган.
Иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт бўлиб, ходимнинг илтимосига кўра, меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврлар ҳақидаги ёзувлар киритилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари, яъни сабаблари меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.
Фикримизга бир суд амалиётини мисол қилсак.
Даъвогар туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фуқаро Муҳиддинова Халиманинг (исми ва фамилияси ўзгартирилган) манфаатини кўзлаб жавобгар АТ “Халқ банки” туман филиалига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда меҳнат дафтарчасини беришни кечиктирганлиги сабабли иш ҳақи ва маънавий зарар ундиришни сўраган.
Фуқаролике ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарорига кўра, даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан манфаатдор шахс Ҳ.Муҳиддинованинг фойдасига 32.789.064 сўм иш ҳақи ва 2.709.839 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Ушбу фуқаролик иши вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи босқич суднинг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, манфаатдор шахс Ҳ.Муҳиддинованинг фойдасига 67.883.833 сўм иш ҳақи ундирилиши белгиланган.
Аниқланишича, иш берувчининг 2020 йил 25 декабрдаги буйруғи асосида Ҳ.Муҳиддинова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса-да, бироқ ходимга меҳнат дафтарчаси берилмаган ёки уни олиб кетиш тўғрисида огоҳлантириш жўнатмаган.
Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир талабларини тўлиқ қондириши белгиланган.
Шу сабабли, апелляция судлов ҳайъати АТ “Халқ банки” филиали томонидан ҳозиргача Ҳ.Муҳиддиновага меҳнат дафтарчасини тақдим этмаганлиги, иш берувчининг айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги асосида ҳал қилув қарорини ўзгартириш ҳақида тўхтамга келган.
Мухтасар қилиб айтганда, фуқаро Муҳиддинова Халиманинг паймол бўлган ҳуқуқлари судда тикланиб, унинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Шерзод Элиев
Сурхондарё вилоят суди судьяси