ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА…

“Қайга борасан даъвога”, деб бежиз айтишмас экан-да. Бу нақлни маъносини яқинда бошларига бир кўнгилсизлик тушган оила вакиллари янаям теранроқ англаб етишади. Аниқроғи, ҳис қилишди-ю, уларга жуда оғир ботди. Сабаби…

Муҳриддин (исм-фамилялар ўзгартирилди) нинг пешонасига уч ёшлигидаёқ етимлик ёзилган экан. Лекин, Ҳалима опа уни ўз тарбиясига олиб, етимлигини билдирмай катта қилди. Вояга етгач, Муҳриддин кўпинча хорижга, бошқа вилоятларга ишлагани бориб келар эди.

Бу сафар ҳам Тошкент шаҳридан қайтаётиб йўлда ўгай онаси билан тортишиб қолади. Аччиқ устида Жиззах шаҳрига ишлаш учун кетмоқчи бўлди. Аммо йўлга маблағи йўқ, нима қилишни билмай турганда, бирдан онасининг синглисини шу атрофда яшаши эсига тушади. Холаси кўпинча Тошкент шаҳрида яшашини, келини уйда бўлмаслиги унга анча қўл келди.

Кечаси соат 22 лар чамаси холасининг Узун туманидаги яшаш уйига ўғринча кириб, кўзга кўринган нарсаларни, аёл ва эркакнинг кўйлаги борми, кўрпа-тўшак ва чинни идишлар борми ҳаммасини йиғиб, олиб кетишга қулай бўлиши учун дарвоза олдига тўплаб қўйди. Кейин холасининг ён қўшнисини ошхонаси очиқлигини кўрибу ергаям кирди.

Ошхонада турган нон печини олиб чиқиб, униям ўмарган нарсаларининг ичига қўшиб қўйди. Энди “ўғригина бола” нинг олдида бу ўғирланган буюмларни олиб кетиш ва сотиш муаммоси турар эди. Хайдовчига “бу ердан кўчаяпман нарсаларимни олиб кетишим керак”, деган важ кўрсатиб, ўғирланган нарсаларни Сариосиё туманидаги дўконлардан бирига олиб бориб туширди. Баҳонаси ҳам тайёр “Тошкент шаҳрига иш юзасидан кетаяпти-ю, йўл кирага пули етимаётганлиги сабабли уйидаги баъзи нарсаларни сотишга мажбур бўляпти”…

Унинг гапларига ишонган дўкон сотувчиси у сўраган  300 минг сўм пулни бериб, нон печи ва чинни идишларни олиб қолади.

“Касалини яширган билан иситмаси ошкор этди-ю”, кўп вақт ўтмай у Жиззах шаҳридаги ошхоналардан бирида ишлаб юрганида ИИБ ходимлари томонидан гумондор сифатида қўлга олинди.

Зарар қопланганлиги, даъвогар томонидан даъводан воз кечилганлиги инобатга олиниб, қонун доирасида жазо тайинланди, албатта, Аммо виждони бор одам учун шаънига “ўғри” деган тамғанинг ёпишиши энг оғир жазо аслида… 

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

Ойбек Жуманов

Сурхондарё вилоят судининг судьяси

Зуфар Нарзиев