ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ: маълумотларини ошкор қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 137-моддасида ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилиши белгиланган.
Бугунги кунда судлар томонидан аксарият ишлар очиқ суд мажлисларида ошкора кўрилиб, ҳал этиб келинмоқда.
Бироқ, айрим ҳолларда суд мажлисларида иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жинсий жиноятлар, вояга етмаган шахслар иштирокидаги ишлар, фарзандликка олиш, давлат сири, шунингдек бошқа сирни ташкил қилувчи маълумотлар билан боғлиқ ишлар кўрилишида, юридик шахслар фаолиятидаги тижорат сири билан боғлиқ айрим ишлар суднинг ажримига асосан йпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин. Ёпиқ суд мажлислари видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда олиб борилишига йўл қўйилмайди.
Табиийки, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган судья, суд мажлиси котиби, прокурор, даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, умуман олганда барча суд мажлиси иштирокчилари ёпиқ суд мажлисида ўзларига маълум бўлган иш тафсилотлари ва бошқа маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилиши мумкин эмас.
Процессуал қонунчиликда ёпиқ суд мажлисида кўриладиган ишлар тоифаси белгиланган бўлса-да, ушбу мажлисда тарафларга ва ишда иштирок этувчи ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашувчи бошқа шахсларга маълум бўлган иш тафсилотларини ошкор қилмаслик ва бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик масалалари етарли даражада ёритилмаган эди.
Шу муносабат билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1084-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал одекс ива Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Жиноят кодекси 239-моддасида суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг рухсатисиз, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 68-моддаси эксперт била туриб ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини эса суднинг рухсатисиз ошкор қилганлиги учун жиноий жавобгар бўлиши тўғрисидаги норма билан тўлдирилган бўлса, кодексга янги киритилган “Ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилмаслик мажбурияти” деб номаланган 402-1-моддада ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олиниши, тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Ҳудди шу мазмундаги нормалар билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 60, 208-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 56, 165-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 53,143-моддалари ва бошқа тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар бўйича маълумотлар ҳамда ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор қилинмаслигини таъминлаш ва бунинг учун жавобгарлик белгилаш орқали ишлари ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаши билан бирга судларнинг мустақиллиги ва нуфузи ошишига бевосита хизмат қиладиган омил бўлиб ҳисобланади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси






