ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАМОНАВИЙ СУД ИСЛОҲОТЛАРИ

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири, суд тизимини тўлиқ рақамлаштиришдан иборат.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2025 йил 21 август куни имзоланган «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан суд ишларини юритишни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан муҳим ҳуқуқий асос яратилди.
Ушбу Фармонда суд фаолиятини автоматлаштириш, суд ишларида қоғоз ҳужжат айланмасидан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда электрон тизимга тўлиқ ўтиш вазифалари белгиланди.
Хусусан, мазкур фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари ҳам тасдиқланган бўлиб, 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури орқали 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш, 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш, йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2025 йил 24 ноябрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги муҳим босқичи сифатида эътироф этилди.
Мазкур Фармонга кўра, судьяларни тайинлаш тартиби икки босқичли қоидалар асосида амалга оширилиши белгилаб олинди. Яъни, дастлаб 5 йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз лавозимга тайинлаш. Судьялар корпусида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курсларига хотин-қизлар учун махсус квота жорий этилди.
Давлат раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасининг олтинчи устувор йўналиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланди. Унга кўра, давлат раҳбари бир қатор истиқболи ислоҳотларни амалга оширилади. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида терговдан бошлаб судга қадар бўлган барча жараёнлар сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилиши айтилди. Бу эса инсон омилини қисқартириш ва ишларни тезкор ва самарали юритиш имконини беради. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ҳуқуқи берилиши таъкидланди. Шу билан бирга, ҳар бир инстанцияда жамоатчилик иштирокини ошириш орқали одил судлов жараёнлари шаффофлигини таъминлаш белгилаб олинди.
Таъкидлаш лозимки, “Рақамли суд” концепцияси суд ҳокимияти фаолиятида очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






