ЭКОЛОГИК ЖИНОЯТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ҲАР БИР ФУҚАРОНИНГ ИШТИРОКИ МУҲИМДИР

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инсоният ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, бу борадаги қонунбузарликлар нафақат табиатга, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка ҳам хавф туғдиради.
Глобал миқёсда экологик муаммоларнинг кескинлашуви, иқлим ўзгариши, ҳавонинг, сув ва тупроқнинг ифлосланиши барчамиздан бу соҳада масъулиятли ёндашувни талаб қилмоқда.
Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Хусусан, экологик ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг асосий кўринишларига тўхталадиган бўлсак, қуйидагиларни таъкидлашимиз лозим.
Экологик ҳуқуқбузарликлар – бу атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунлар ва меёрларнинг бузилиши билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлардир.
Унинг асосий турлари қуйидагилар:
-Атмосфера ҳавосини меёридан ортиқ ифлослантириш, чиқинди газларни филтрларсиз чиқариш.
-Саноат ва маиший чиқиндиларни ерга, сув ҳавзаларига ноқонуний ташлаш.
-Сув ресурсларидан ҳаддан ташқари фойдаланиш ёки уларни заҳарлаш.
-Қонунга хилоф равишда ов қилиш, ноёб ҳайвон ва ўсимликларни йўқ қилиш.
-Ўрмон фондига зарар етказиш, дарахтларни ноқонуний кесиш.
-Радиоактив, кимёвий ёки биологик хавфли моддалардан нотўғри фойдаланиш.
Шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш механизмлари эса экологик жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – бу давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифасидир.
Асосий йўналишлар қуйидагилардан иборат:
-норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва экологик қонунларга риоя этилишини қатъий назорат қилиш.
-экологик назорат ва мониторинг тизимларини кучайтириш (инспексиялар, дронлар, сунъий йўлдош тасвирлари асосида кузатув).
-корхоналарда экологик сертификатлаш ва аудит тизимларини жорий этиш.
-давлат экология қўмиталари фаолиятини кучайтириш.
-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар билан ҳамкорликни кучайтириш.
-аҳолининг экологик маданиятини ошириш мақсадида доимий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.
-оммавий ахборот воситаларида экологик жиноятлар ҳақида очиқ ахборот бериш ҳисобланади.
Экологик қонунбузарликлар учун жазони муқаррарлаштириш жиноятларнинг олдини олишда асосий омилдир.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатлари асосида жавобгарлик белгиланади:
-Жиноят кодекси;
-Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс;
-Экологик назорат тўғрисидаги қонун;
Жазо муқаррарлиги – ҳар қандай қонунбузарлик учун тегишли чора кўрилишини таъминлаш, бу орқали бошқаларга ҳам огоҳлантирувчи таъсир ўтказилади.
Хулоса қилиб айтганда, экологик жиноятларнинг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг иштироки бу энг аввало атроф-муҳитни сақлаб қолиш, келажак авлод учун яшашга яроқли муҳит яратиш, ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлаш учун хизмат қилади.
АКМАЛ ҚУРБОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси