ШАРТНОМА ШАРТЛАРИНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА БАЖАРИШ, ЖАВОБГАРЛИКНИ ИСТИСНО ЭТАДИ

Барчамизга маълумки, буюртмачи ва бажарувчи бирор бир фаолият тури (иш)ни амалга ошириш жараёнидан олдин энг аввало ўз муносабатларини қонунийлаштириб олиши учун улар ўртасида шартнома расмийлаштирилади.
Даъвогар – “МАКС” маъсулияти чекланган жамияти ва жавобгар – “ИКС” МЧЖ ўртасида 2018 йил 28 январь куни №7-сонли техника хизмат кўрсатиш шартномаси расмийлаштирилган.
Шартнома шартларига риоя қилинмаслиги натижасида даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан 337.816.792 сўм асосий қарз ва 168.908.396 сўм пеня ундириб беришни сўраган.
Мажбуриятлар тарафлар томонидан лозим даражада бажарилмаслиги жавобгарликнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 8, 234-моддаларига кўра, мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса – қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари шартномадан келиб чиққан Фуқаролик кодексининг 703-моддасига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарорида ҳам бу каби ҳолатларга тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекснинг 3-моддасида ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги қайд этилган.
Бу каби ҳолатда даъвогар ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат қилганлиги ва унинг ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатлари лозим даражада ҳимоя қилинганлигига эътиборингизни қаратмоқчи эмасмиз.
Мазкур ҳолатда, жавобгарнинг шартнома шартларига риоя қилмаслиги натижасида жамиятга етказилган зарарни инобатга олиш лозим. Унинг маъсулиятсизлиги оқибатида эса корхонанинг моддий аҳволи сезиларли равишда зиён кўргани ҳам айни ҳақиқат.
Бирор бир ишни бошлашимиздан олдин ўзимизнинг имкониятимизни чамалаб, ишонч билдирган шахснинг ҳожатини чиқариш баробарида ўзимизнинг корхона ҳам моддий манфаатдор бўлишини инобатга олсаккина бошлаган ишларимиз хайрли ҳам баракали бўлади.
Суд Фуқаролик кодексининг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Шу билан бир қаторда мажбуриятларни бажара олмаганлигининг объектив сабаблари ҳам суд томонидан инобатга олиши мумкин.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддасида фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин эканлиги, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
Ҳурматли тадбиркорлар шартнома тузиш эркин экан қонун ҳужжатларида юқорида қайд этилган мажбуриятларни бажарилиши, уларни ҳар бир тарафнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмасдан амалга оширилиши лозим экан берилаётган имтиёзлардан инсофли равишда фойдаланиб ривожланишда ва тараққий этишда давом этиш керак. Акс ҳолда зиммангизга олган мажбуриятни бажармаслигингиз натижасида айбдор бўлиб қолишингиз ҳамда корхонанин касодга учратишингиз ҳам ҳеч гап эмас.
АБДУЛЛА САФАРОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси