ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ УЧУН МУҲИМ ҚАДАМ

Барчага маълумки кейинги вақтларда Интернет жаҳон ахборот тизимидаги янгиликларда, Интернетдаги ижтимоий  тармоқларда аёлларга ва вояга етмаган қизларга нисбатан қилинган жинсий тажовузлар кенг муҳокама сабаб бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор тубдан кучайди. Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб қувватлаш  борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Юртимизда барча хотин қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш устивор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишида уларни қўллаб қувватлашни назарда тутувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш талаб қилинар эди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги мутахассислар томонидан таъкидлаб келинар эди.

Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаганлиги, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмаслиги, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермаслиги ҳамда алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқарар эди.

Мамлакатимизда ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида янги қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонуни билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш,  уларга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилди. Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка  қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчиларни тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхурлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик  кучайтирилди.

Шу билан бирга оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарилк киритилди. Жумаладан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлварини ҳимоя қилиш бўйича энг замонавий халқаро номалар ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни, номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, вояга етмаган болаларга васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик каби ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилди.

Алимент мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи чора сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб қилиш каби янги маъмурий жазо чораси киритилди.

Бундан ташқари, ушбу Қонун билан илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорт, ижодий ташкилотларда ишлашни тақиқланди.

Мазкур қонун 2023 йил 12 апрель кунидан расман кучга кирди.

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунига, Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Оила кодексига, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунига, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши  хотин-қизлар ва болаларнинг тазйиқ ва ҳамда зўравонликка учрашишининг олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларига мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Отабек Каримов

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси