“Хокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жиноятининг олдини олиш чоралари”
Барчамизга маълумки инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари олий қадрият ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Бугунги мавзуимиз “Хокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жиноятининг олдини олиш” бўлиб, ушбу жиноят Термиз шаҳрида 2020 йилга нисбатан 2021 йилга 300% ўсганлигини кузатиш мумкин.
Ушбу модданинг мақсади ҳуқуқ-тартибот ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ҳисобланади. Қонун чиқарувчи жамиятда фуқаролар риоя этиши мажбур бўлган муайян тартибни белгилаб беради. Шу муносабат билан баъзи бир масъул мансабдор шахсларга, хусусан ҳокимият вакилларига мажбурий кўрсатмалар бериш бўйича муайян ваколатлар берилган.
Жамият ва давлат манфаатлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат бирлашмаларининг бир меъёрда фаолият юритиши, ҳокимият вакили ёки ўзининг фуқаровий бурчини бажараётган шахснинг шахсияти ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш объекти ҳисобланади.
Объектив томондан жиноят хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш орқали содир этилади. Қаршилик кўрсатиш фаол ёки пассив шаклларда бўлиши мумкин. Қонун мазмунига кўра, фақатгина фаол қаршилик кўрсатиш жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Фаол қаршилик кўрсатиш жисмоний зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрликни қўллаш билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Жисмоний қаршилик кўрсатиш шаклида амалга ошириладиган фаол қаршилик кўрсатиш ўзининг хизмат ёки фуқаролик мажбуриятларини бажараётган шахсларнинг баданига қасддан шикаст етказиш, уриш, дўппослаш, боғлаш, қамаб қўйиш ёки уларнинг эркинлигини бошқача усулда чеклаб қўйиш.
Агар қаршилик кўрсатиш жараёнида жабрланувчига ўртача оғирликдаги ёки оғир тан жароҳати етказилган бўлса, айбдорнинг қилмишини жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 219-моддаси 1-қисми ва ЖК 105-моддаси ёки 104-моддаси билан квалификация қилинади.
Зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, айбдорнинг ўзининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга нисбатан реал жисмоний мажбурлов ўтказиш ниятини билдирувчи сўзлари ва ҳаракатлари тушунилади.
Агар айбдор ўлдириш ёки куч ишлатиш билан қўрқитаётган бўлса, унинг ҳаракатларини жиноятлар жами бўйича Жиноят кодексининг
112-моддаси ва 219-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиш лозим.
Ҳокимият вакили давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс.
219-модда мазмуни бўйича ҳокимият вакиллари қаторига ижро этилиши мажбурий бўлган қонуний кўрсатмалар бериш ҳуқуқи берилган масъул мансабдор шахслар киритилади. Булар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи органлар ходимлари: прокурорлар, ички ишлар ходимлари, МХХ, солиқ хизмати ходимлари ва ҳоказо, шунингдек, қонунга асосан, ҳуқуқ-тартиботни қўриқлаш бўйича асосий ёки қўшимча вазифаларни амалга оширувчи шахслардан иборат. Бу сабабга кўра, ҳокимият вакили ҳисобланмайдиган масъул мансабдор шахсга қаршилик кўрсатиш, агар у ўз фуқаровий бурчини бажармаётган бўлса, шарҳланаётган жиноят таркибини ташкил этмайди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бу қонунда белгиланган тартибда қуйидаги вазифани бажарувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси: прокурор; терговчи; суриштирувни амалга оширувчи шахслар; тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи шахслар; жамоат тартибини муҳофаза қилишни ва ижтимоий хавфсизликни, суд (судьялар)нинг ҳукмлари, ажримлари, қарорлари, тергов органлари ва прокурор қарорларининг ижросини таъминлашни амалга оширувчи ички ишлар органи ходими; Миллий хавфсизлик хизмати органи ходими; солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича департамент ходими; суд ижрочиси; божхона хизмати ходими, шунингдек, қонун бўйича ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш асосий ёки асосий вазифалардан бири ҳисобланувчи органларда хизмат вазифасини бажарувчи бошқа шахслар.
Ҳокимият вакиллари функцияларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жазони ижро этиш муассасалари ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ қилмиш тегишли белгилар бўлган ҳолларда ЖК 220-моддаси ёки 221-моддаси бўйича квалификация қилинади.
Фуқаровий бурчини бажараётган шахс деганда, давлат ҳокимияти ёки бошқарув органлари, жамиятга ёрдам бераётган, ўзининг конституциявий ёки бошқа қонуний мажбуриятларини бажараётган ҳар қандай шахс тушунилади. Бошқача айтганда, фуқаролик бурчини бажариш, бу фуқаролар томонидан қонун ва жамият, давлат ва бошқа шахсларнинг манфаатлари доирасида ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш. Кўп ҳолларда ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахслар жабрланувчи бўлиб қолади ва қонунга асосан шундай шахс деб тан олинади.
Ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахснинг хизмат мажбуриятлари ҳуқуқий тартибот ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилганлиги сабабли, ҳокимият вакилининг кўрсатмаси ёки фуқаронинг ҳаракати қонун ва ҳуқуқ доирасида бўлиши лозим. Мазкур хизмат мажбуриятлари ҳокимият вакилларига тегишли қонун ҳужжатларининг алоҳида тоифасидан келиб чиқади.
Жамоат тартибини қўриқлаш бўйича фаолият номуайян шахслар доираси манфаатларига тааллуқли ҳуқуқбузарликлар (шу жумладан жиноятлар)нинг олдини олиш ва уларга қарши курашишга (кўчада, майдонларда, боғларда, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда ва бошқа жойларда жамоат ҳуқуқ-тартиботини таъминлашга, паспорт тизими бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилишини назорат қилишга, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига кўмаклашувчи вазиятларни аниқлаш ва ҳоказоларга) қаратилган қонуний фаолият.
Ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича фаолият номуайян шахслар доираси ҳаётий муҳим манфаатларининг турли таҳдидлардан зарурий ҳимояланганлик даражасини сақлаб туришга (ночор ёки бошқача ҳолатда қолган, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолганларга ёрдам кўрсатишга, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назорат қилишга, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар билан муомала қилиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш ва ҳоказоларга) йўналтирилган қонуний фаолият.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахс фаолиятининг қонунийлиги ва ҳаққонийлиги шарҳланаётган жиноят объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.
Ҳаққонийлик деганда, ҳуқуқ субъекти фаолияти ёки фаолият натижаларининг ижтимоий ҳаёт ҳодисаларига мос бўлиши тушунилади. Ҳаққонийлик нафақат ҳуқуқ субъектларининг юриш-туришида, балки ҳуқуқни қўллаш ҳужжатларида ҳам ифодаланади. Ҳаққонийлик ҳуқуқ кўрсатмаларидан бирор-бир тарзда чекинмасликни назарда тутади. Унинг акси ҳуқуққа хилофлилик ҳисобланади.
Жиноятни тўғри квалификация қилиш учун қуйидагиларни аниқлаш лозим:
-биринчидан, қаршилик кўрсатиш хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга йўналтирилганлигини;
-иккинчидан, қаршилик кўрсатиш хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчини ижро этиш вақтида содир этилганлигини аниқлаш.
Мазкур ҳолатлар аниқлангандан кейингина айбдорнинг қилмиши ЖК 219-моддаси бўйича квалификация қилинади. Қонунга хилоф ҳаракатларни амалга ошираётган ҳокимият вакили ёки шахсга қаршилик кўрсатиш жиноят деб топилмайди.
Ҳокимият вакиллари ва фуқароларнинг айнан қонуний ҳаракатлари жиноят-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланади.
Жиноят хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш бошланган вақтдан бошлаб, оқибат келиб чиқишидан қатъи назар, тугалланган ҳисобланади. Бунда қаршилик кўрсатиш натижасида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахс ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилган ёки бошқа ижтимоий хавфли оқибатлар келиб чиққан ҳолларда, айбдорнинг қилмиши жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилинади.
Жиноятнинг субъектив томони айбнинг қасд шакли билан тавсифланади. Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш фақат тўғри қасд шаклида содир этилиши мумкин.
Айбдор шахс хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатаётганлигини англайди ва буни хоҳлайди.
Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатаётганлигини англамаган шахс томонидан бундай қаршилик кўрсатишнинг содир этилишида мазкур жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
Ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти ҳисобланади.
ЖК 219-моддаси 2-қисми хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилганлик учун жавобгарликни назарда тутади.
Мазкур модданинг шарҳланаётган қисмидаги жиноят объектив томондан биринчи қисмда назарда тутилган қилмишдан бир қатор ўзига хос хусусиятлари билан фарқ қилади. Агар модданинг 1-қисмига кўра, жавобгарлик хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш учун белгиланса,
2-қисмида эса мазкур шахсларни қандай шаклда бўлмасин, ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилган шахс жавобгарликка тортилади.
Мажбурлаш бу ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга нисбатан уларни ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш ёки мажбурловчи шахс фойдасига ноқонуний ҳаракатлар содир этишга эришиш мақсадида жисмоний ёки руҳий таъсир этиш. Қаршилик кўрсатишда қўлланиладиган жисмоний мажбурлашдан фарқли равишда мажбурлаш вақтида қўлланиладиган куч ишлатиш бошқа мақсадни кўзлайди.
Мажбурлаш вақтида қўлланиладиган жисмоний зўрлик ишлатиш деганда, жисмоний азоб берадиган ҳамда жабрланувчининг иродасига хилоф равишда унинг жисмоний эркинлигини чеклайдиган ҳаракатлар содир этиш, шунингдек, уриш, дўппослаш ва бошқа ҳаракатлар орқали шахс баданига ўртача оғирликдаги шикаст етказиш тушунилади.
Руҳий мажбурлаш деганда, айбдор томонидан сўз ёки ўзининг ниятини бошқача шаклда ифодалаш орқали ҳокимият вакили ёки ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахсга маънавий зарар етказиш, унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш тушунилади. Агар ҳокимият вакили ёки ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахсга нисбатан куч ишлатиш натижасида уларга оғир тан жароҳати етказилса, айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар жами билан квалификацияланиши лозим. Зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мажбурлаш тушунчаси доирасига кирганлиги сабабли айбдорнинг қилмиши ЖК 112-моддаси бўйича қўшимча квалификиция қилинмаслиги лозим.
Мажбурлашнинг мақсади хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахслар томонидан мажбурловчи фойдасига ноқонуний ҳаракатлар содир этилишига эришиш мақсадида уларга таъсир ўтказиш ҳисобланади.
Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларнинг мажбурловчи фойдасига ноқонуний ҳаракатлар содир этишлари ва бевосита қонуний ваколати доирасига кирувчи мажбуриятларни бажармаслиги ҳокимият вакилининг хизмат вазифасини бажариш ёки шахснинг фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечиши ҳисобланади.
Ҳокимият вакили ва шахсга нисбатан куч ишлатиш билан мазкур шахслар томонидан ўзининг хизмат вазифаларини бажариш ўртасида сабабий боғлиқланишнинг мавжудлиги ЖК 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган қилмиш объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.
Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилишга йўналтирилган мажбурлов ҳаракатлари содир этилган вақтдан бошлаб, оқибат келиб чиқишидан қатъи назар, жиноят тугалланган ҳисобланади.
Субъектив томондан ЖК 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Бунда хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилишга йўналтирилган махсус мақсаднинг мавжудлиги жиноят субъектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.
Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
Келгусида ушбу турдаги жиноятни олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳудудлардаги профилактика инспекторлари томонидан кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш мақсадга мувофиқдир.
Жамшид Хурсандов
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти