ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДА ИШТИРОКЧИЛАРНИНГ ТЕНГЛИГИ

Фуқаролик ҳуқуқи жамиятдаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий соҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу соҳанинг асосий принциплари орасида иштирокчиларнинг тенглиги тамойили марказий ўрин эгаллайди. Мазкур тамойил қонуний муносабатларда барча тарафларнинг бир хил ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларга бир хил мажбуриятлар юкланишини кафолатлайди.

Фуқаролик қонун ҳужжатларида иштирокчиларнинг тенглиги тамойили шундан иборатки, барча юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек давлат органлари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бир хил мақомга эга бўлади. Улар ўзаро муносабатларда тенг шарт-шароитларга риоя қилиши, шартномавий эркинлик ва мулкка бўлган ҳуқуқни ҳурмат қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1-моддасида, иштирокчиларнинг тенглиги тамойили мустаҳкамлаб қўйилган. Унда белгиланишича, фуқаролар, юридик шахслар, давлат ва давлат ташкилотлари бир-бирига нисбатан тенг ҳуқуқларга эга ва улар ўзларининг мажбуриятларини бажаришда тенг асосда ҳаракат қилишлари лозим.

Иштирокчиларнинг тенглиги тамойили турли соҳаларда фуқаролик ҳуқуқининг асосий функсияларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, тарафларнинг шартномалар тузишда эркинлигида, ҳар бир тараф ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини эркин равишда белгилаш ҳуқуқига эга. Бу тамойил туфайли томонлар ўзаро тенг шартларда шартнома тузиши мумкин бўлса, мулкий муносабатларнинг барқарорлигида мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга оширишда тарафларнинг тенглиги мулкка бўлган ҳуқуқларни кафолатлайди. Яна бир энг муҳим тамойилларидан бири эса бу фуқаролик ҳуқуқий низоларни суд тафтибида ҳал қилишда фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилиши ҳисобланади. Бу тамойил судларнинг холислиги ва адолатли қарор чиқаришини таъминлайди.

Фуқаролик қонун ҳужжатларида иштирокчиларнинг тенглиги тамойили – бу қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш учун асосий мезондир. Ушбу тамойил қонуний муносабатларнинг шаффофлигини, барча субъектларнинг ўз ҳуқуқларидан тенг фойдаланишини ва уларга бир хил мажбурият юкланишини кафолатлайди. Шу боис, бу тамойил нафақат ҳуқуқий назарияда, балки амалиётда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

САИДИСЛОМ САТТОРОВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси