Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2025 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар сарҳисоби

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини кафолатлайдиган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Албатта, ҳар қандай жамиятдаги адолат мезони шу жамиятдаги фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ўтган 2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан жами 4.987 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Ушбу кўриб тамомланган 4.987 та ишлардан 4.031 таси (ёки 80.8 фоизи) бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шунингдек, 53 таси (ёки 1.06 фоизи) иш юритишдан тугатилган ҳамда 903 таси (ёки 18.1 фоизи) бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган.
Бу даврда ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган 4.031 та ишлардан 3.507 таси (ёки 87 фоизи) бўйича даъволар қаноатлантирилган бўлса, 524 таси (ёки 12.9 фоизи) бўйича даъволар рад этилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида кўрилган ишлардан асосий қисмини оилавий муносабатлар ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ низолар ташкил қилади.
Оилавий муносабатлар билан боғлиқ кўрилган 1.402 та ишлардан 634 таси (ёки 45.2 фоизи) никохдан ажратиш билан боғлиқ ишларни ташкил қилади. Бу даврда кўрилган 634 та ишлардан 345 таси (ёки 54.4 фоизи) қаноатлантирилган, 191 таси (ёки 30.1 фоизи) рад этилган, 81 таси (ёки 12.7 фоизи) бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, яна 17 таси (ёки 2.6 фоизи) иш юритишдан тугатилган.
Таҳлилларга кўра, ўтган 2025 йил давомида никохдан ажратиш билан боғлиқ низоларни кўришда туманлараро суди томонидан 98 та иш бўйича тарафлар яраштирилиб, оилалар сақлаб қолинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ва Сурхондарё вилоят ҳокими томонидан 2023 йил 8 октабрда тасдиқланган Сурхондарё вилоятининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 21-бандида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, низолар ҳамда ажримларнинг олдини олиш вазифаси қўйилганлиги, бунда мутасадди идоралар оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни янада яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажримларни олдини олиш бўйича ҳамкорликда қилинадиган чора-тадбирлар белгиланган.
Шунга асосан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан Оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар чоракда маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий ажримларни олдини олиш ҳамда ажралиш ёқасига келган оилаларни яраштириш чораларини кўриш бўйича тадбирлар ўтказиб келинган.
Шунингдек, оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан биргаликда жойларда нотинч, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказиш ҳамда оилавий ажримларни олдини олиш бўйича қўшма учрашувлар ўтказилиши йўлга қўйилиб, олиб борилаётган ишлар оммавий ахборот воситалари, веб-сайтларда ёритиб келинди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан томонидан 77 та хусусий ажрим, 76 та хабарномалар чиқарилиб, тегишли идораларга муҳокама қилиш учун юборилган.
Бугун суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, фақат сўздангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки амалий қиёфа касб этиши учун ислоҳотлар жараёни собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш керакки, судларнинг мустақиллиги, фуқароларнинг уларга нисбатан ишончининг ортиши, жамиятимизда кенг кузатила бошланди. Социологик тадқиқотлар, ўз муаммоларига ечим топиш учун, арзларини икки энлик қоғозга тушириб, турли катта-кичик ташкилотларнинг қабулхоналарида сарғайиб юргувчиларнинг сони камайиб, судларга мурожаат этишлар кўпая бошлаганини эътироф этмоқдалар. Бу эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганидан ҳам дарак беради.
БОТИР САНАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Термиз туманлараро суди судьяси






