Талабалар иштирокида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
2022 йил 20 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олишга қаратилган “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирни Термиз Давлат университети Ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат ишлар бўйича бўлим бошлиғи Бобур Тошқобилов кириш сўз билан очди.
Тадбирда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси Икром Шайманов сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни соғлом ва комил инсон қилиб ўстириш, том маънода ўсиб келаётган ёш келажак авлодни ҳақиқий юрт фарзандлари қилиб тарбиялаш мақсадида барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилганини, ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётган бўлсада, афсуски, давлатимиз томонидан шундай шароитлар яратиб берилган бўлишига қарамасдан ҳамда вилоятда олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан сўнги пайтларда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида жиноятчилик бирмунча ўсганлиги, улар томонидан жиноятлар содир этилаётганлиги барчани бирдек ташвишга солаётганлигини таъкидлаб, талабалар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фикрларини билдириб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, уларни содир этилишига омил бўлган сабабларни судда кўрилган жиноят ишлари мисолида таништириб ўтди.
Шунингдек, давра суҳбатида Сурхондарё вилоят прокуратурасининг жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи Аббос Разиков сўз олиб, тадбирда кўзланган асосий мақсад, талаба-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида мазкур иллатга қарши курашиш эканлигини, шунингдек, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шу каби, тадбирда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьялари Абдихофиз Бойбилов, Шерзод Юлдашевлар ҳам иштирок этишди ва улар томонидан талабаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмлари ва хусусий ажримлари таништирилиб, уларнинг муҳокамаси кенг таҳлил қилинди.
Талабаларга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчилик ва коррупция ҳолларига қарши барқарор муҳит шакллантириш, адолатли таълим тамойилларини жорий қилиш масалалари юзасидан атрофлича тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган мавзу ва тегишли муаммолар бўйича саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.
Икром Шайманов
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси