ТЕРМИЗДА МИНИ-ФУТБОЛ БЎЙИЧА “СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ СУДИ РАИСИ КУБОГИ” МУСОБАҚАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Сурхондарё вилоят судининг “Судья ва суд аппарати ходимларининг маънавиятини ҳамда маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар” Режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек судья ва суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, Сурхондарё вилоят судларида фаолият олиб бораётган судья ва суд ходимлари ўртасида футзал бўйича «Вилоят суди раиси кубоги» мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада Сурхондарё вилояти судлари, туманлараро ва туман (шаҳар) судларининг судьялари ҳамда ходимларидан иборат таркиб топган жамоалар иштирок этди.

Кўтаринки руҳ ва уюшқоқлик билан ўтказилган мусобақада жамоалар биринчилик учун қизғин баҳс олиб бордилар. Ярим финал ўйинларидан сўнг ҳал қилувчи учрашувда вилоят суди ҳамда Сариосиё ва Узун туман судлари жамоалари баҳслашди.

Мусобақа якунига кўра, биринчи ўринни Сурхондарё вилоят суди жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Сариосиё ва Узун туман судлари жамоасидан иборат таркибга насиб этди. Учинчи ўрин эсa Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Қизириқ туман судлари жамоаларидан ташкил топган таркибга берилди.

Тантанали тақдирлаш маросимида мусобақанинг ғолиб жамоалари ҳамда энг фаол иштирокчиларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур спорт тадбири судьялар ва суд аппарати ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоавийлик муҳитини кучайтиришга хизмат қилди. Бундай ташаббуслар тизимда соғлом муҳит ва самарали меҳнат фаолиятини таъминлашда муҳим омил бўлиб қолади.

МЕҲРИДДИН ХОЛБЕКОВ,

Сурхондарё вилоят судининг Кадрлар бўлими бош консультанти