ТЕКИН ПИШЛОҚ ҚОПҚОНДА БЎЛАДИ ёхуд давлат харидининг масъулияти

очерк

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат харидлари соҳасида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат буюртмачилари билан шартномалар тузишда ҳамда шу билан боғлиқ тендер савдоларини ўтказишда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан, иқтисодий судлар томонидан мазмунан кўрилиб, ҳал этиладиган иқтисодий низолар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ишлар орасида Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилганлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Фикримизни амалий мисол билан давом эттирадиган бўлсак, даъвогар якка тартибдаги тадбиркор “А.Ш.Х” билан жавобгар Термиз шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 2024 йил 2 майда тузилган маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан даъвогар жавобгарга 16 320 дона Петуня, 17 290 дона Шафран, жами 100 830 000 сўмлик гул кўчатларини етказиб бериши, жавобгар эса қабул қилинган маҳсулотларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятларини олишган.

Шартноманинг 3.1 бандига кўра, маҳсулотлар қийматининг 30 фоизи шартнома ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказилган кундан 3 банк куни ичида тўлаб берилиши, 3.2 бандига кўра, қолган 70 фоизи маҳсулотлар етказиб берилгандан сўнг 3 банк кунида тўлаб берилиши белгиланган.

Шартноманинг 9.1 бандида, мазкур шартнома ғазначилик бўлинмасида рўйхатга олингандан кундан бошлаб кучга кириши ва 2023 йил 31 декабргача амалда бўлиши белгиланган.

Даъвогар томонидан гул кўчатлари белгиланган муддатларда ва миқдорда жавобгарга етказиб берилган бўлса-да, жавобгар томонидан 100 830 000 сўм кўчатлар ҳақи тўлаб берилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан
100 830 000 сўм етказиб берилган маҳсулот ҳақини ундиришни сўраган.

Термиз туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.

Мазкур ҳал қилув қарорини Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан келтирилган кассация протести асосида иш ҳужжатлари билан қайта кўриш давомида тарафлар ўртасида тузилган юқоридаги шартнома тегишли ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланди.

Тарафлар томонидан шартнома тузишда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 122-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 71-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2016 йил 22 ноябрдаги 88-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси қоидалари”нинг 234-банди талаблари бузилган ҳолда шартнома бюджетдан молиялаштирилувчи корхона томонидан тўғридан-тўғри тузилганлиги, тегишли ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги ва ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган шартнома ҳисобланиши сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасининг қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, давлат буюртмачилари ҳисобланган корхона, муассаса ва ташкилотлар билан маҳсулот етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизмат кўрсатиш юзасидан шартномалар тузишда давлат харидлари тартиб-таомилларига риоя қилинишига нафақат шартномавий муносабатга киришаётган бюджет ташкилоти, балки тадбиркорлик субъектлари ҳам бирдек масъул ҳисобланади. Қисқа муддатда мўмайгина даромад қилишни ният қилган ва шартномалар белгиланган танловлар асосида тузилганлигига, тегишли тартибда тегишли ғазначилик бўлимларидан рўйхатдан ўтказилмаганлигига эътибор қаратмасдан, шартномани тузган тадбиркорлик субъектлари ушбу ноқонуний даромаддан маҳрум бўлишлари мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, корхона, муассаса ва ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари мулкчилик шаклидан қатъий назар қтисодий фаолият, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда давлат харидлари тартиб-таомилларига риоя қилишлари лозим ҳисобланади ва қонунчилик талабларидан четга чиқиш белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси