ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

очерк
Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Жумладан, сўнгги пайтларда иқтисодий судларда мазмунан кўрилаётган ишларнинг аксариятини кредит шартномаларидан келиб чиқувчи низолар ташкил қилмоқда. Бу борада судлар томонидан тарафларга низони ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш, келишув битими ва медиатив келишув институтлари орқали низони ҳал этишнинг аҳамияти ва афзалликлари борасида тушунтиришлар берилиб келинмоқда.
Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар хусусий акциядорлик тижорат банки филиали манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Sh.U.K.” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 77 945,59 АҚШ доллари кредит қолдиғи, 1 539,41 АҚШ доллари асосий қарз, 5 069,91 АҚШ доллари кредит фоизи, 35,85 АҚШ доллари пеняни ундириш ва ундирувни гаров мулки ҳисобланган умумий қиймати 1 274 483 000 сўмлик кўчмас мулкка қаратишни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга хусусий акциядорлик тижорат банки даъвогар сифатида жалб қилинган.
Денов туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан юқоридаги кредит қарздорликлару ундирилиб, ундирув гаров мулки ҳисобланган кўчмас мулкка қаратилиб, суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилган.
Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида суд мажлисида иштирок этган тадбиркорлик субъекти вакили жамиятдаги молиявий қийинчиликлар сабабли кредит қарздорлигини ўз вақтида тўлаш имкони бўлмаганлиги, ҳозирги пайтда кредит қарздорликларини қисман қоплаганлиги, агар имкон берилса, муддати ўтган кредит қарздорлигини тўлиқ тўлаб беришини, ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўймоқчилигини айтиб, суддан тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш учун имкон беришни сўраган.
Судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди даъво аризасини қисман қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келганлиги, ишни мазмунан кўриб чиқишда процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги аниқланди.
Жумладан, даъво аризаси юридик шахс ҳисобланмайдиган банк филиали манфаатида киритилганлиги, биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонунчилик талабларига зид равишда ишга юридик шахс ҳисобланадиган хусусий акциядорлик тижорат банки даъвогар сифатида жалб қилинганлиги аниқланиб, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризаси юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Энди тадбиркорлик субъектида ўзи кредит олган тижорат банки билан ўзаро музокаралар олиб бориб, муддати ўтган кредит қарздорлигини тўлиқ тўлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имконияти пайдо бўлди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабати шакллантириб борилмоқда.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси






