Суд фуқаро ва тадбиркор ҳимоясида.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 44-моддасига кўра,  ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари ғайриқонуний хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар бир шахс давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Суднинг асосий вазифаси ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Яъни ҳар бир шахс маъмурий органлар томонидан ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ҳолда, судга мурожаат қилиши ва айнан суд маъмурий органларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари қонунларга қайд даражада мувофиқлигини кўриб чиқиб, ўз баҳосини бериши зарур.   Сабаби  қонунлар қанчалик мукаммал бўлмасин уни қўллашда турли низолар юзага келиши, қонунни талқин қилиш масаласида қарама-қаршиликлар юзага келиши табиий. 

Дунёнинг аксарият давлатларида ҳам маъмурий тизимда амалга ошириладиган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маъмурий органларнинг фақат қонунга мувофиқ ишлашини таъминлашдан иборатдир. Шу маънода, маъмурий судлар — давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар билан фуқаролар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун ташкил этилган махсус судлар ҳисобланади.

Дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг оқилона механизмлари маъмурий тартиб-таомил ва маъмурий суд ишларини юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” Фармонида ҳам адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида  маъмурий судлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  маъмурий  судларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш, суд назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш каби вазифаларни ҳал этиш мақсадини кўзлайди.

Қарорда, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши аниқ белгилаб берилди.

Бундан ташқари давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш белгиланди.  Яъни шу вақтга қадар далилларни йиғиш ва судга тақдим қилиш  фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти зиммасида бўлган бўлса, эндиликда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш  учунмаъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади,

Бундан ташқари амалдаги процессуал қонунларга мувофиқ маъмурий суд низони ҳал қилиб, маъмурий органнинг қарори ёки ҳаракатининг ноқонунийлигини эътироф этсада етказилган зарарни ундириб бериш ваколатига эмас эди. Яъни маъмурий суднинг ҳал қилув қарорининг олганидан сўнг яна бошқа судларга зарарни ундириш масаласида даъво киритиш, янги суд процессини ўтказиш талаб қилинарди.  

Эндиликда, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.  Бинобарин қарор чиқарган маъмурий суднинг ўзи зарар масаласини кўриб  чиқиб ҳал қилиш ваколати берилиши, фуқаро ёки тадбиркорлик субъектини яна қайтадан судга мурожаат қилиш мажбуриятидан халос қилди,

Амалиётда маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорларини давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро  қилмаслик  ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу бузилган ҳуқуқларни амалда тиклашга тўсқинлик қилар эди. 

Эндиликда суд ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида ҳал қилув қарорлари ижро қилинмаган тақдирда эса, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириб, пировардида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини таъминлайди.  Ҳал қилув қарори такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш тартиби,  суднинг мавқеи ошиши ва унга бўлган ишонч мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш  эса низони тезроқ ҳал қилиш, оптимал ечим топиб, суд жараёнини соддалаштиришни таъминлайди.  Шу маънода марафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш белгиланиши айни муддао бўлиб, тарафлар ўртасидаги низони ҳал қилишда қонунийлик тўлиқ таъминланиши билан бирга, суд томонидан тасдиқланган келишув битимини ижрога қаратилишида тарафларга қулайликлар яратади ҳамда қисқа муддатларда низоларни ҳал этилишига эришилади.

Яна бир муҳим янгилик, аризаларнинг судга тааллуқлилиги масаласида айрим муаммолар  баъзи ҳолларда ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг ёки тадбиркорлик субьектларининг судма-суд юриб, овора бўлишларига ҳам барҳам берилади. Эндиликда Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этилади. Яъни судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланиши, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланиши ҳам алоҳида мустаҳкамланди. Яъни  эндиликда суд ариза судга тааллуқли бўлмаса ҳам  уни фуқарога эмас, низони ҳал қилишга ваколатли судга юборади.

Бугунги кунда маъмурий судларда кўрилаётган аксарият ишлар ҳам  маъмурий органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ.  Ҳуқуқи бузилган ҳар қандай шахснинг  тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши унинг ҳуқуқларини тиклашнинг энг самарали ва қисқа йўли эканлигини  халқимизга етказиб бера олсак,  қонун устуворлигини таъминлаш йўлида жуда катта қадам қўйган бўламиз.  Зеро Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси