СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР – ИНСОН МАНФААТЛАРИ УЧУН

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларга мувофиқ, кейинги ўтган саккиз йил ичида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 60 дан зиёд қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди ва ушбу соҳадаги ислоҳотлар тизимли равишда дадил давом эттирилмоқда.

Шу асосда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини яратиш, инсон ва фуқароларнинг одил судловга эришиш имконятларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган даврда судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди. Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган маъмурий судлар ташкил этилди. Инвестициявий низолар бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилди, йирик инвестициявий низолар эса тўғридан-тўғри Олий судда кўрилиши имконияти яратилди. Судларда ишларни кўрилишида бир қатор янги институтлар жорий этилди. Хусусан, қонунчилигимизга судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари татбиқ қилиниб, самарали қўлланилиб келинмоқда. Судлар томонидан қабул қилинган қарорлар Олий суд расмий веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиниб борилмоқда.

Айниқса, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борада шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Ишларни инсон омилисиз, яъни автоматик равишда тақсимлаш, суд мажлиси жадвалининг ягона электрон базасининг жорий этилганлиги, суд қарорларини расмий веб-сайтда эълон қилиб бориш, судга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш каби замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг бир неча кун аввал, яъни 21.08.2025 йилда қабул қилган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд тизимини такомиллаштириш бўйича яна бир муҳим қадам бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Фармонга биноан, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадларидан бири сифатида иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш белгиланди.

Гап шундаки, Фармонга биноан иқтисодий ишларда экстерриториал судловга тегишлилик механизмини яратиш белгиланган бўлиб, бунда, 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимида иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Умумий тартибга кўра, ишлар жавобгар жойлашган ҳудуддаги судда кўрилиши белгиланган. Бироқ, айрим ҳолатларда фуқаролар ва тадбиркорлар даъволари бошқа ҳудуд судида кўрилишини илтимос қилишади. Бугунги рақамлаштириш ва видеоконференцалоқа имкониятлари асрида иқтисодий ишларнинг муайян ҳудудда кўрилиши деярли ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Негаки, қонунлар бутун республикамиз миқёсида бир хилда амал қилади ва қўлланилади.   

Шунга кўра, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш мақсадида даъвогарларга айнан муайян ҳудуд судига мурожаат қилиши шартлигига оид бюрократик тўсиқни бартараф этиш ва фуқароларга танлаш имконини бериш асосий мақсад ҳисобланади.

Фуқаролик ва иқтисодий судларнинг иш юритувидаги низосиз ишларни тегишли органлар (нотариуслар) ваколатига ўтказиш йўли билан судларнинг иш юкламасини камайтириш. Келгусида, башарти низо келиб чиққан ҳолларда бундай ишлар судда кўриб чиқилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, cуд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

БОТИРЖОН АБДУЛЛАЕВ,

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси