СУДЛАР ТОМОНИДАН ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШГА ОИД ИШЛАРНИ
КЎРИШДА ҚОНУНЧИЛИКНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ
Давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, ҳимояланиши каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Оила кодексининг 61-моддасига кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, оталик онанинг ва ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг биргаликдаги аризасига мувофиқ (боланинг онаси вафот этган, у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, унинг яшаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда- ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг аризасига мувофиқ) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланади.
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги масала суд томонидан боланинг ота-онасидан бирининг, васий (ҳомий)си ёки бола қарамоғида бўлган шахснинг ёхуд вояга етганидан сўнг боланинг ўзи берган аризага мувофиқ даъво ишини юритиш тартибида ҳал этилади.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги иш бўйича тараф вояга етмаган шахс бўлса, суд унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийсини қонуний вакил сифатида ишда иштирок этишга жалб этиши шарт деб белгиланган.
Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув оила қонунчилигига биноан амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади. Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.
Қонунда мазкур тоифа ишлар бўйича даъво муддати назарда тутилмаган бўлиб, оталик бола туғилганидан сўнг исталган вақтда белгиланиши мумкин.
Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:
-боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;
-боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;
-жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли.
Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар, аудио-, видеоёзувлар, экспертлар хулосаси), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодекси
80-моддасига мувофиқ суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим. Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, ушбу тоифадаги ишларни кўриш орқали конституциявий принцип ҳамда амалдаги қонунчилик нормаларини таъминлаш судларнинг устувор вазифалари бири эканлиги яққол намоён бўлмоқда.
Рамазон Назаров
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси