ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Мамлакатимизда 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган Аксилкоррупция ойлиги ўтказилмоқда. Шу жумладан, Сурхондарё вилоят судида ҳам ушбу тадбир ўтказилди.
Хусусан, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларини судлар фаолияти билан яқиндан таништириш, жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳақида маълумот бериш мақсадида Сурхондарё вилоят судида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.



Бу тадбирда Термиз давлат педагогика институти ўқитувчи ва профессорлари ҳам иштирок этишди. Иштирокчилар суднинг суд мажлислар зали, архив ва девонхона фаолияти, суд биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси ҳамда фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишди. Айниқса, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиб ҳамда суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари кенг жамоатчиликка тўлиқ тушунтирилди.

Бундан ташқари, вилоят судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судьялари томонидан бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судья ва суд ходимлари учун муносиб иш шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, бу каби юксак эътибор одил судловни амалга ошириш, соҳа вакилларига судьялик фаолиятини амалга оширишда, энг асосийси, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда, одил қарорлар қабул қилишда муҳим омил бўлаётганлиги таъкидлаб ўтишди.
Ўтказилган тадбир давомида маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда судларда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида ҳам маълумот берилди.


Коррупцияга қарши курашиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланиши, шу сабабли тадбирда коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ва бу тоифадаги жиноятларни содир этган шахсларга тайинланадиган жазо турлари ҳақида ҳам сўз борди.
Очиқлик ва шаффофлик судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Жамоатчилик назоратини таъминлаш судга нисбатан жамият ишончини оширади. Шу муносабат билан бугунги кунда суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратилмоқда.



Якунда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан фикр алмашиниб, уларнинг соҳага доир берилган саволларига масъуллар томонидан жавоблар берилди.
КОМИЛЖОН НАЗАРОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






