ОИЛА МУСТАҲКАМ, ТИНЧ БЎЛСА – ЖАМИЯТ БАРҚАРОР ТОПАДИ

Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама баркамол бўлишига имкон яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига асосан, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига даъвогар Азиз Солихов (исм, шарифлар ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Назира Кариевна билан 2021 йил 05 январь куни туман ФХДЁ бўлимида қайд этилган никоҳларидан ажратишни сўраган.

Аниқланишича, тарафлар 2021 йил 5 январь куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган.

Тарафларнинг биргаликдаги турмушларидан бир нафар
2022 йилда туғилган Алишер исмли ўғил фарзандлари бор.

Даъвогарнинг даъво аризасига кўра жавобгар билан 2023 йил апрель ойидан бошлаб эр-хотинлик муносабатлари тугаган, бироқ жавобгар келин бўлиб тушган уйида яшаб келмоқда.

Суд тарафларнинг бир нафар фарзандлари борлиги, ўрталаридаги келишмовчиликлар вақтинча эканлиги, жавобгар ҳозирда келин бўлиб тушган хонадонида яшаб келаётганлиги, жавобгарни никоҳдан ажрашишга рози эмаслиги, оиласини сақлаб қолмоқчи эканлиги ҳамда оилани сақлаб қолиш имконияти бор эканлигини инобатга олиб, суд ушбу ҳолат бўйича Олий суд Пленумининг раҳбарий кўрсатмаларига асосланган ҳолда даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш учун етарли асос йўқ деган хулосага келиб, даъвогарнинг даъво аризаси рад этилди.

Шунингдек, мазкур низоли оила билан ишлаш, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан мазкур зиддиятли бўлган оилада соғлом муҳитни яратиш, оилани сақлаб қолши ҳамда оилани мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқиш учун хусусий ажрим чиқарилиб ижро қилиш мақсадида туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлимига юборилди.

Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир.

Рухиддин Пирназаров

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси